Эрон Ислом Республикасининг энг нуфузли ҳарбий қўмондони Қосим Сулаймоний Доналд Трамп томонидан ўлдирилгани ортидан жавоб чорасини жуда тез ва қаттиққўллик билан амалга оширди. Сулаймонийни нишонга олиб ўлдирганидан бор-йўғи беш кун ўтиб, Теҳрон АҚШ ҳарбийлари жойлашган Ироқдаги иккита базага «ўнлаб ракеталар» учирган эди.
2020 йилдаги ушбу ҳужум АҚШ базаларига қарши амалга оширилган энг йирик зарбалардан бири ҳисобланади. Бироқ энг муҳими — Эрон Ислом Республикаси ушбу ҳужум ҳақида АҚШ президентига махфий каналлар орқали олдиндан маълум қилган, қурбонлар ҳақида хабардор қилинмаган ва икки ашаддий душман уруш чегарасидан ортга чекинган эди.
Эроннинг олий раҳбари, оятуллоҳ Али Хоманаий томонидан олиб борилган пухта ҳисоб-китобли ўйин, оқибатда икки мақсадга эришди: режим ўз тарафдорларига жаҳоннинг энг қудратли давлатига қаршилик кўрсата олишини намоён этди ва шу билан бирга, давлатнинг мавжудлигини хавф остига қўядиган кенг кўламли тўқнашувдан ҳам сақланиб қолди.
Бу ҳолат таҳлилчилар «на уруш, на тинчлик» деб атайдиган Хоманаийнинг жанговарликни намойиш этиш, душманга кескин муносабат билан таҳдид остида ушлаб туриш, воситачилар ёки махфий операциялар орқали ҳаракат қилиш, бироқ тўқнашувни мамлакат ҳудудларига кўчирмаслик каби кўп йиллик сиёсатининг яна бир ифодаси бўлди, деб ёзади Financial Times.
Аммо 2023 йил 7 октябрида ҲАМАС томонидан амалга оширилган ҳужумдан кейин Исроилнинг хавфга бўлган муносабати кескин ўзгарганини англаб етмаслик, кибр ва ҳисоб-китобдаги хатолар — Эронни бугун омон қолиш учун курашишга мажбур қилмоқда. Энди у ўзининг юз беришини истамаган кенг кўламли урушга тортилган. Агар Доналд Трамп ушбу можарога қўшилиш ҳақида қарор чиқарса, вазият янада оғирлашади.
«Ҳозир Эрон олдида фақат ёмон вариантлар қолди. Хоманаий «на уруш, на тинчлик» стратегиясига жуда узоқ вақт ёпишиб олди. Бу усул аслида кўп йиллар давомида самара бермаётган эди, — дейди Европа ташқи алоқалар кенгашининг катта илмий ходими Элли Геранмайе. — Энди Эрон шундай уруш билан юзма-юз келдики, у ерда ғалаба қозона олмайди. Натижада, ўтмишдагига нисбатан анча ёмон шартларда ядровий келишувга имзо қўйишига тўғри келади».
Эронга қарши ҳужум бошланганидан бор-йўғи бир ҳафта ўтиб, Исроил зарбалари Эроннинг юқори мартабали ҳарбий раҳбарларини йўқ қилди, унинг кўплаб ракета қўшимларини вайрон қилди, ядровий объектларига зарба берди ва ҳавода деярли тўлиқ устунликни қўлга киритди. Теҳрон эса Исроилга ракеталар учиришда давом этмоқда.
Шу билан бирга, ҳарбий ва разведка салоҳияти ўртасидаги фарқ улкан — Исроилда энг илғор америкалик ҳарбий техникалари, жумладан, F-35 самолётлари бор. Эрон эса асосан воситачи кучлар, ракеталар ва дронларга таянади.
Режим учун хавф янада кучайди. Бунга Теҳрон қўллаб-қувватлаб келаётган фаластинликларнинг ҳарбийлаштирилган гуруҳи — ҲАМАС Ғазо ва Исроилни ажратиб турган тўсиқни ёриб ўтиб, 1200 нафар одамни ўлдиргани ва 250 та инсонни гаровга олгани сабаб бўлди.
Хоманаий фаластинликларни қўллаб-қувватлашини баён қилди, бироқ Эрон бу ҳужумга алоқадор эмаслигини таъкидлади. Таҳлилчилар ва дипломатлар ҳам Эрон бу ҳужум ҳақида олдиндан хабардор бўлмаган, деб ҳисоблайди.
Бироқ Исроилда ушбу ҳужум — Ҳолокостдан кейинги яҳудийларга қарши амалга оширилган энг йирик қатл — Эрон ва унинг бутун минтақадаги йиллар давомида қуроллантириб келаётган жангарилар томонидан яҳудий давлатига қарши бошланган кўп фронтли урушнинг бир қисми сифатида баҳоланди. АҚШ кўмаги ва ҳеч қандай чекловларсиз, Исроил шундан бери ҳужумкор позицияни эгаллаб турибди.
Халқаро стратегик тадқиқотлар институтидан Эмил Ҳокаем шундай деди: «Эрон 7 октябрдан сўнг Исроилдан келиши мумкин бўлган хавфни даражасини мутлақо етарлича баҳолай олмади. Бу стратегик кўрлик ва такаббурлик намунаси бўлди».
«Улар биринчи кунданоқ мудофаа позициясига ўтишди ва катта хатога йўл қўйишди — улар урушга қисқа муддатга аралашаман деб ўйлашди. Улар «Исроил изтиробда, Исроил заиф» деб ҳисоблашди ва ўзларига сиёсий имтиёзларни таъминлайдиган даражада ҳаракат қилишни мақсад қилишди», — деб қўшимча қилди у.
1980-йиллардаги Эрон-Ироқ урушида кейинги ўн йилликлар мобайнида Ислом Республикаси бутун минтақа бўйлаб ўз воситачиларидан иборат тармоқ қурди — кучли анъанавий армиялардан ҳимоя сифатида асимметрик урушга таянди. Минтақадаги воқеалар унга мадад берди.
2003 йилда АҚШ Ироққа кириб бориб, Саддам Ҳусайнни ағдаргач, Эрон томонидан қўллаб-қувватланган шиалар ва жангарилар мамлакатда сиёсий ва мудофаа соҳаларида устунликка эга бўлди. Кейин, 2011 йилда Сурияда фуқаролик уруши бошланиши Эронга у ерга ўз кучларини, хусусан, Теҳроннинг энг муҳим воситачиси — Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатини жойлаштириш имконини берди.
Ниҳоят, Саудия Арабистони бошчилигидаги Яманда ҳусийчиларга қарши интервенция Теҳрон ва исёнчилар ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлади.
Ички фронтда эса режим ракеталар ва дронларни ишлаб чиқаришни ривожлантиришга эътибор қаратди, чунки Ғарб санкциялари қурол-аслаҳа импортини тўсиб қўйганди. Доналд Трамп Эрон ва жаҳон давлатлари ўртасидаги ядровий келишувдан чиққандан сўнг, Теҳрон ўз ядровий фаолиятини кескин кенгайтирди — уранни қарийб ҳарбий даражада бойитишга киришди. Бу бир вақтнинг ўзида ҳам тийиб туриш воситаси, ҳам Ғарб билан музокаралар учун босим қуроли сифатида хизмат қилди.
Бу дегани — 7 октябрдаги ҳужум содир бўлган пайтда Эрон ва унинг «қаршилик ўқи» деб аталувчи кучлари Исроил ва минтақадаги бошқа давлатлар учун жиддий таҳдид сифатида қараларди.
Аммо энг муҳим жиҳати шундаки: Эрон 1980-йиллардаги Эрон-Ироқ урушида бери ҳеч қачон бундай кенг кўламли ҳарбий ҳужумга учрамаганди; ўтган йилгача Исроил Ислом Республикаси ҳудудидаги объектларга бевосита зарбалар бермаганди.
ҲАМАС ҳужумидан кейинги куни «Ҳизбуллоҳ» Исроилга қарата ракета учиришни бошлади. АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти аралашмаганида, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу томонидан олдиндан амалга оширилган ҳужум бошланарди.
Бироқ Теҳрон ўз васитачиларини қўллаб-қувватлаш билан бирга, Исроил билан тўғридан тўғри урушдан сақланиш нияти борлигини англатди ва Ғазода оташкесимга чақирди. Исроил ҳарбийларининг баҳолашича, 7 октябргача бўлган разведка маълумотлари танқислигидан сўнг Эрон ва унинг иттифоқчилари кенг кўламли тўқнашувга интилмаган — шундай экан, Исроилга жавоб зарбасини шундай ташкил қилиш керакки, у бу урушга олиб келмасин, қабилида берган.
Бу Исроилга ташаббусни қўлга киритиш ва «қайси пайтда кутилмаган кенг ҳужумни бошлашни ўзи ҳал қилиш» имконини берди, дейди Нетаняҳу девонини маслаҳат қилган исроиллик мутахассис. «Кутилмаган ҳолат ҳужумнинг ўзи эмас, балки Исроил уни амалга оширишга қарор қилганида бўлди».
Сентябр ойида Исроил «Ҳизбуллоҳ» раҳбари Ҳасан Насруллоҳни ва гуруҳнинг яна бир неча юқори қўмондонларини ўлдирди, бир вақтнинг ўзида Жанубий Ливанга қуролли қўшин билан кирди ва бутун мамлакат бўйлаб ҳаводан зарбалар берди.
Исроилнинг ҳаводаги устунлиги ва унинг разведка тармоғи Ливан ва Эроннинг ички ҳудудларигача чуқур кириб бориш қобилияти авж нуқтага чиқди.
2024 йил июл ойида Исроил томонидан амалга оширилган ҳужум оқибатида ҲАМАСнинг сиёсий раҳбари Теҳронда хавфсизлик хизматлари ходимлари учун мўлжалланган меҳмонхонада бўлган пайтда ўлдирилди. Бу ҳодиса Эроннинг янги президенти инаугурация маросими ўтказилганидан бор-йўғи бир неча соат ўтиб рўй берди.
RUSI ташкилотининг катта илмий ходими Сидҳарт Каушалнинг айтишича, октябр ойида Исроил томонидан берилган зарбалар натижасида Эрондаги энг самарали ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизимларидан бири саналган, россиялик ишлаб чиқарувчи томонидан етказилган бешта С-300 ПМУ2 батареяси ишдан чиқарилган.
Эмил Ҳокаем шундай деди: «Исроил қарши томоннинг ҳар қандай жавоб бериш ҳаракатларини олдиндан бартараф этишга муваффақ бўлди — у стратегларни, қўмондонларни ва бошқарув марказларини нишонга олди».
«Бу Эрон ва унинг иттифоқчилари учун рамзий бир муваффақиятсизлик бўлди», — дея қўшимча қилди у.
Исроил ўзининг тўлиқ ҳаво устунлигидан фойдаланиб, «Ҳизбуллоҳ»ни чарчатишга қаратилган урушда мағлуб этди — бу урушда ливанлик қуролли гуруҳи яксон қилинди. 2024 йил ноябрда анча заифлашган «Ҳизбуллоҳ» Исроил билан отишмани тўхтатиш бўйича келишувни қабул қилишга мажбур бўлди ва у, аслида, Бинямин Нетаняҳунинг шартлари асосида амалга ошди. Шунга қарамай, Исроил ҳарбийлари бугунгача жангариларга нисбатан ҳаводан зарбалар беришда давом этмоқда.
Ҳозир Исроил шундай йўл тутаётган кўринадики, у худди шу усулни Эронга ҳам нисбатан қўлламоқчи. Бундай йўл тутиб, у 90 миллионлик нуфусга эга мустақил давлатга ҳужум қилмоқда.
Колумбия университети профессори, Ироқ ва Афғонистон бўйича АҚШ Мудофаа вазирлиги маслаҳатчиси бўлмиш Стивен Биддл шундай деди: «Эроннинг олдида турган ҳисоб-китоб шунда эдики — у 7 октябрдан сўнг Исроилни тўхтатиб қолиш имконига эга бўладими-йўқми? Маълум бўлишича, Эрон Нетаняҳуни тўхтата олмас экан — Исроилнинг хавфдан чўчимаслиги ва қурбонликка тайёрлиги сезиларли даражада ошган».
Теҳрон Исроилга оғриқли зарбалар берди — унинг ракеталари «Ҳизбуллоҳ» ёки ҲАМАС ракета ҳужумларига нисбатан кўпроқ ҳалокат ва вайрона келтирди.
Бироқ Исроил Эронга нисбатан анча замонавий ҳаво ҳимоя тизимлари билан мақтана олади ва АҚШнинг ёрдамига эга — Вашингтон Исроилни ҳимоя қилишга тайёр ва «Ҳизбуллоҳ» ёки Эрон томонидан қилинган ракеталар ҳужумини қайтаришда ёрдам беради.
Каушалнинг таъкидлашича, Эрон разведка хизматининг муваффақиятсизлиги ва Исроилнинг ҳужуми кутилмаган ҳолда амалга оширилгани сабабли, Ислом Республикаси ўз мудофаа тизимларини самарали тарзда жойлаштиришга улгурмади.
«Эрон яратган ўт очиш тизимлари ва Исроилнинг ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизимини мустаҳкамлаш учун АҚШ ёрдамини жалб қилишга мажбур бўлгани… Эроннинг аслида қанчалик кучли арсеналга эга эканини англатади, агар бу имкониятлар мувофиқлаштирилган ҳолда ишлатилганида», — деди Сидҳарт Каушал.
Унинг қўшимча қилишича: уруш олдидан Эроннинг имкониятлари тўғри баҳолан. Лекин «бу имкониятлардан фойдаланиш қобилияти Исроилнинг Эрон ҳаво ҳудудини назорат қилиш ҳамда қўмондонлик ва бошқарув тизимини издан чиқариш бўйича жуда самарали ҳаракатлари билан кескин камайган. Бу эса, асло олдиндан кўра билинган ҳолат эмас, яъни мутлақо кутилмаган ҳол бўлди».
Агар АҚШ тўғридан тўғри можарога аралашса, режим жавоб тариқасида АҚШ базалари ва Форс кўрфазидаги нефт инфратузилмаларига ҳужум уюштириши мумкин. Улар Эронга жуда яқин жойлашгани учун, Теҳрон қисқа масофали ракеталардан фойдаланиши мумкин — бу эса Форс кўрфазининг мудофаа тизими учун жавоб қайтариш имкониятини кескин камайтиради.
Бироқ Хоманаий учун бу навбатдаги катта таваккалчилик бўлади, чунки бу ҳаракатларга жавобон Доналд Трамп бундан-да кескин чоралар билан жавоб бериши мумкин.
Шу вақтгача Исроилга қарши Эроннинг асосий фронти деб қаралган «Ҳизбуллоҳ» эса, Исроил Эронга бомба ёғдириб турган бир пайтда, кескин фаолият кўрсатмаган. Бу эса, Теҳроннинг васитачилари ҳам ўз манфаатларини биринчи ўринга қўяётганини англатади.
Ямандаги ҳусийчилар эса, 7 октябрдан кейинги бир йил давомида Қизил денгиздаги савдо кемаларига қарши уюштирган ҳужумлари орқали танилган, ҳозирги кунда ҳам Исроилга ракета учиришда давом этмоқда.
ҲАМАСнинг қолдиқ кучлари эса ҳозирда Ғазодаги Исроилнинг шафқатсиз ҳужумига қарши кураш олиб бормоқда — фаластинлик соғлиқни сақлаш расмийларининг маълумотига кўра, бу урушда 54 минг нафардан ортиқ одам ҳалок бўлган.
Аммо Қосим Сулаймоний томонидан яратилган ва тарбияланган «қаршилик ўқи» энди тобора заифлашгани аён бўлмоқда.
«Сулаймоний, оқибатда нотўғри стратегиянинг меъмори бўлиб чиқди — аввало, Ироқ ва Сурияда Эронни ортиқча тўлиқ ташвишга солиб қўйгани, иккинчидан эса, ўзининг васитачилар тармоғини ортиқча баҳолаганидир, — деди Эмил Ҳокаем. — Эронликлар жуда кўплаб соҳаларга сармоя киритди, бироқ фақат ўз мудофаа соҳаси, айниқса ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизимини эътиборсиз қолдиришганга ўхшаяпти».