Фарғонада МИБ раҳбари пора билан қўлга тушди

20:15 | 2 дақиқада ўқилади.

Фарғона вилоятидаги туман МИБ раҳбари фуқародан суд қарори ижросини тўхтатиб бериш эвазига 2 минг доллар талаб қилиб, пора олаётган пайтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Poyezd pora mib

Фарғона вилоятидаги туманлардан бирининг Мажбурий ижро бюроси бошлиғи пора билан қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Қайд қилинишича, у ўз хизмат ваколатидан фойдаланган ҳолда, бўйсунувидаги давлат ижрочиси иш юритувида бўлган фуқаролик ишлари бўйича суднинг ижро варақаси бўйича жавобгарларни ушбу тумандаги хонадондан мажбурий тартибда кўчириш юзасидан ижро ҳаракатларини якунлаб бериш эвазига 2 минг АҚШ доллари талаб қилган.
3 июнь куни у талаб қилинган пул маблағидан 1200 АҚШ долларини пора сифатида олган.

Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, у қолган 800 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
«Мазкур ҳолат юзасидан МИБ мансабдор ходимига нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди», — дейилади хабарда.