Ҳисоракда янги кичик ГЭС ишга туширилди

13:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Шаҳрисабз туманидаги Ҳисорак сув омбори ҳудудида яна бир кичик гидроэлектр станцияси қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бу лойиҳа Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасидаги навбатдаги қадам бўлди.

Ges

Президент Шавкат Мирзиёев қурилган янги Ҳисорак кичик ГЭСи билан танишди. Қуввати 3,5 МВт бўлган ушбу станция йилига ўртача 17,5 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятига эга. Бу 7 300 та хонадонни барқарор электр таъминоти билан таъминлаш имконини беради. ГЭС тўлиқ маҳаллий имкониятлар ҳисобидан барпо этилган ва қурилишга 1,5 млн доллар сарфланган.

Янги объект орқали йилига 5 миллион метр куб табиий газ тежалиши кутилмоқда. Ҳисорак сув омборининг мавжуд гидро имкониятлари янада самарали фойдаланила бошлади. Бу ҳудудда 1987 йилда қурилган ва 45 МВт қувватга эга асосий ГЭС ҳам фаолият кўрсатмоқда.

Шу билан бирга, келгуси икки йилда умумий қуввати 12 МВт бўлган 416 та кинетик турбинали микро ГЭС қурилиши режалаштирилган. Бу лойиҳа сувдан унумли фойдаланишни таъминлаб, канал ва ариқлардаги оқимдан энергия ишлаб чиқаришни назарда тутади.

Айни пайтда Қашқадарё вилоятида 49 МВт умумий қувватга эга 3 та ГЭС ишлаб турибди. Яқин истиқболда вилоят аҳолисининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжининг 15 фоизини гидроэнергетика ҳисобидан қоплаш кўзда тутилган.

Маълумот учун, сўнгги саккиз йилда мамлакат бўйлаб электр энергияси ишлаб чиқариш 38 фоизга ошган ва 81,5 млрд кВт/соатга етган. Жорий йилда эса 24,7 МВт қувватга эга 5 та янги кичик ГЭС ишга туширилиши белгиланган.