Ўзбекистон Республикаси Президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёева Самарқанддаги 71-мактабда бўлиб, мактабни аъло баҳолар билан битирган ўқувчиларга олтин медаль топширди. Бу ҳақда у ўзининг телеграм саҳифасида маълум қилди.
«Кеча биз Самарқанддаги 71-мактабда бўлдик, ушбу зиё маскани ёрқин натижаларни намоён этмоқда: битирувчилар орасида медаль олаётган ва халқаро таълим муассасаларига ўқишга кираётган ёшлар кўп. Ўтган йили эса мазкур даргоҳнинг барча битирувчилари олий ўқув юртлари имтиҳонидан ўтиб, талабаликка қабул қилинди. Ушбу мактабни ва Самарқанддаги бошқа мактабларни аъло баҳолар билан битирган ўқувчиларга олтин медалларни топшириш менга катта мамнуният бағишлади», — деди Мирзиёева.
Маълум қилинишича, Президент топшириғига биноан, Қўшработ туманидаги ўқувчилар учун 17 та янги мактаб-автобуси тақдим этилган. Бу совға тумандаги 20 та олис мактабда таҳсил олаётган 750 нафардан зиёд ўқувчига хавфсиз ва қулай тарзда ўз синфхоналарига етиб бориш имконини бериши таъкидланган.