Олтинга тўлган Қашқадарё, семириши тақиқланган мансабдорлар — 20 июн дайжести

22:00 | 5 дақиқада ўқилади.

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар, ҳодисалар ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Oltin

Қашқадарёда 59 тонна олтин топилди

Жорий йил Китоб туманидаги 100 гектар майдонда 20 тонна олтин захираси борлиги аниқланган. Президент Шавкат Мирзиёев иштирокидаги йиғилишда айтилишича, табиатга зарар етказмасдан, ёпиқ усулда олтин қазиб олишга 100–150 миллион доллар сармоя киритишга қизиқиш билдираётганлар кўп. Шу боис Мирзиёев ушбу конни аукционга чиқариш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, йиғилишда Китобдаги яна 5 та истиқболли майдонда 39 тонна олтин захираси борлиги, Чироқчида эса 10 минг тонна ноёб металлар топилгани маълум қилинди. Ушбу ҳудудларда илмий-геология ишларини бошлаш тўғрисида топшириқ берилди.

Мирзиёева қўшработликларга 17 та автобус берди

Ўзбекистон Республикаси Президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёева Самарқанддаги 71-мактабда бўлиб, мактабни аъло баҳолар билан битирган ўқувчиларга олтин медаль топширди. Унга кўра, Президент топшириғига биноан, Қўшработ туманидаги ўқувчилар учун 17 та янги мактаб-автобуси тақдим этилган.

«Ушбу ажойиб совға тумандаги 20 та олис мактабда таҳсил олаётган 750 нафардан зиёд ўқувчига хавфсиз ва қулай тарзда ўз синфхоналарига етиб бориш имконини беради», — дейди Саида Мирзиёева.

Фарғонада МИБ раҳбари пора билан қўлга тушди

Фарғона вилоятидаги туман МИБ раҳбари фуқародан суд қарори ижросини тўхтатиб бериш эвазига 2 минг доллар талаб қилиб, пора олаётган пайтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Мазкур ҳолат юзасидан МИБ мансабдор ходимига нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Энди давлат ташкилотлари ходимларининг тана вазни назорат қилинади

2025 йил 1 августдан бошлаб Ўзбекистонда давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари учун жисмоний фаоллик мажбурий тартибда йўлга қўйилади. Ҳар куни белгиланган вақтда жисмоний тарбия тадбирлари ташкил этилади. Давлат муассасаларида махсус спорт зоналари барпо этилиб, ходимлар учун спорт билан шуғулланишга шароит яратилади.

Шу билан бирга, ҳар бир ходимнинг тана вазни индекси мунтазам равишда ўлчанади ва “hrm.argos.uz” электрон платформасига юклаб борилади. Бу тизим орқали саломатлик кўрсаткичларини мониторинг қилиш ва шахсий ҳолатни таҳлил этиш имкони яратилади.

Қашқадарёга сув таъминоти учун 800 млрд сўм ажратилади

Сўнгги 8 йилда Қашқадарё вилоятида марказлашган сув таъминоти даражаси 32 фоиздан 61 фоизгача ошган. Бу кўрсаткич республика бўйича энг паст даражалардан бири экани қайд этилди.

Сув таъминоти ва канализация тизимини яхшилаш мақсадида бу йил вилоятга 800 миллиард сўм маблағ ажратилган. Ажратиладиган маблағлар ҳисобига 183 километр узунликдаги сув ва канализация тармоқлари, шунингдек, 8 та сув иншоотининг қурилиши якунланиши лозим.