Ўзбекистон Хитой орқали янги интернет каналини улашни режалаштирмоқда

11:20 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон Хитой орқали глобал интернет тармоғига яна бир ташқи алоқа каналини улашни режалаштирмоқда. Бу ташаббус мамлакатнинг рақамли инфратузилмасини мустаҳкамлаш ва аҳолини юқори сифатли интернет билан таъминлашга қаратилган.

Komunikatsiya

Рақамли технологиялар вазирлиги қошидаги Телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Муроджон Йўлдошевнинг маълум қилишича, янги канал Хитой орқали оптик толали алоқа магистралини қуришни назарда тутади. Унга кўра, мазкур лойиҳа давлат раҳбари томонидан илгари сурилган ва Марказий Осиё—Хитой ҳамкорлиги саммитида ҳам алоҳида қайд этилган.

Йўлдошев таъкидлаганидек, янги алоқа магистрали нафақат Ўзбекистоннинг халқаро интернет тармоғига қўшимча уланишини таъминлайди, балки мавжуд алоқа йўналишларини зaxиралаш имконини ҳам беради. Бу эса интернет сифатини яхшилаш, узилишлар эҳтимолини камайтириш ва маълумот узатиш тезлигини оширишга хизмат қилади.

Айни пайтда, мамлакатда «Ақлли шаҳар», «Хавфсиз шаҳар» ва «Ақлли логистика» ташаббуслари доирасида телекоммуникация транспорт тармоғини кенгайтиришга қаратилган иккита йирик лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу лойиҳалар интернет инфратузилмасини замонавийлаштиришга ва рақамли иқтисодиёт учун пойдевор яратишга хизмат қилади.

Янги каналнинг ишга туширилиши Ўзбекистоннинг жаҳон ахборот майдонига интеграциясини янада кучайтиради. Бу нафақат аҳоли, балки тадбиркорлар ва давлат хизматлари учун ҳам муҳим аҳамият касб этади.