Путин «рус тилини ўрганинг» дейди. Бу билан ўзбек муҳожирларига нисбатан зўравонлик тўхтайдими?

21:00 | 14 дақиқада ўқилади.

Россия ўзбек муҳожирларини меҳнат бозорида зарур кадр сифатида кўради, Путин эса уларни ҳимоя қилиш ҳақида гапиради. Бироқ реал ҳаётда ОМОН рейдлари, ҳуқуқбузарликлар ва ирқий камситишлар тобора кучаймоқда…

Migranty

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги миграция муносабатлари нафақат икки давлат ташқи сиёсати, балки миллионлаб инсон тақдирига дахлдор ижтимоий-иқтисодий масалага айланган. Россия меҳнат бозорида ўзбек муҳожирларининг улуши катта бўлиб, бу жараён икки мамлакат раҳбарияти даражасида ҳам кўп бор муҳокама қилинган. Жумладан 18 июн куни Россия президенти Владимир Путин ахборот агентликлари раҳбарлари билан учрашувда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан миграция масалаларини биргаликда ҳал қилиш бўйича келишувга эришилганини эълон қилди.

Бу баёнот Россиядаги мигрантлар масаласини яна кун тартибига олиб чиқди. Чунки айни пайтда, Россиядаги ўзбек муҳожирларига нисбатан зўравонлик, камситиш ва ҳуқуқбузарлик ҳолатлари кундан-кунга ортиб бормоқда. Ҳатто Ўзбекистон томони нота ҳам юборишга мажбур ҳолатлар кузатилди.

 

Русларга ишчи, ўзбекларга пул керак

2000-йиллар бошидан бери кам даромадли ўзбекистонликлар Россияни ишлаб пул топадиган мамлакат сифатида кўриб келади. 2016 йилгача ўртача 4 миллиондан ортиқ, ҳатто 6 миллионга яқин ўзбек муҳожири айнан у ерда меҳнат қиларди.

Европага чиқиш имкониятлари чекланганлиги, виза тартибидаги муаммолар ўзбекистонликларни кўпроқ Россияга жалб қилган. Айниқса, мактаб ёки коллежни тугатиб, мамлакат ичида муносиб иш топа олмаган ёшлар учун Россия кўп ҳолларда ягона танлов сифатида намоён бўлади. Путин эса Россияда ишлашни истайдиганлар рус тили ва рус маданиятини ўрганиши зарур демоқда.

ׅ«Ўзбекистонда 30 йилча олдин 15-18 миллион одам яшаган. Ҳозир эса 38 миллион киши. Ҳар йили аҳоли бир миллионга ошмоқда. Ҳар йили! Тушуняпсизми барчаси қандай тез ўзгармоқда. Албатта, биз меҳнат бозорида ҳам, ижтимоий соҳада ҳам кўплаб масалалар борлигини тушунамиз. Барчамиз буни англаймиз. Шу сабабли [Ўзбекистон Президенти] Шавкат Миромонович [Мирзиёев] билан миграция масалаларини биргаликда ҳал қилишга келишиб олдик. Чунки бизда меҳнат бозори бугун қандай аҳволда экани маълум. Сизда (Ўзбекистонда) маълум даражада босим кузатилмоқда. Лекин нима қилишни биргаликда келишиб олдик. Россияда ишлашни хоҳлайдиган одамларни тайёрлаш масаласини ҳал этамиз. Бу рус тилини, рус маданиятини ўрганишга тааллуқли ва ҳоказо – бунда бутун бошли режа яхши. Умид қиламанки, буларнинг барчасини биз ташкил этамиз», – деган Путин.

Расмий статистикага кўра, 2024 йилда Россияда расман 1 миллион атрофида ўзбек муҳожири қайд этилган. Миграция оқимида сезиларли камайиш кузатилмоқда: мигрантлар сонининг камайишига Россиянинг Украинага кенг кўламли босқин бошлагани, бунинг оқибатида мигрантлар даромадларининг тушиб кетиши, ўтган йил Москва яқинидаги «Crocus City Hall»га ҳалокатли қуролли ҳужумлар ортидан аксилмигрант қонунларининг қатъийлаштирилгани сабаб бўлди.

 

«Энг оддий нацизм»

Россияда ишлаётган ўзбекистонликлар кўпинча рус тилини билмаслиги, қолаверса, собиқ СССР таркибида бўлган мамлакат фуқароси бўлгани сабаб доимий муаммоларга учраб келишган. Бир қарашда, Россия меҳнат бозори улар учун имконият манбаи бўлиб кўринса-да, амалда бу жараён кўпинча ҳуқуқбузарликлар, қўпол муомала ва ҳатто ирқчилик каби салбий ҳолатлар билан тўлиб-тошган.

2024 йил март ойида Москва яқинидаги «Crocus City Hall»да содир этилган террорчилик ҳужумидан сўнг Россия ҳукумати мигрантларга нисбатан назоратни янада кучайтирди. Бу эса аксилмигрант кайфиятнинг авж олишига, жамоавий рейдлар ва тазйиқларга сабаб бўлди.

Жорий йилнинг 8 июнь куни Москвада ОМОН томонидан ўтказилган рейд давомида қатор ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ҳуқуқбузарликсиз ҳолатда жисмоний куч ишлатилиб, таҳқирлангани кузатилди.

Шу каби ҳодисалар ҳақида нафақат ижтимоий тармоқлар, балки халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар — Human Rights Watch, Amnesty International ва бошқалар ҳам маълумот тарқатган. Журналист Шерзодхон Қудратхўжа бу каби ҳолатларни «энг оддий нацизм» деб баҳолаб, ўзбеклар ва бошқа Марказий Осиё фуқароларининг «чурка», «обезьяна» каби ирқчи сўзлар билан ҳақоратланаётганини алоҳида таъкидлаганди.

Бу ҳолатлар Россиядаги муҳожирлар учун ҳуқуқий ҳимоянинг етарли эмаслигини, уларнинг инсон сифатида қадрланмаётганини намоён этади. Қўшимча равишда, кўпгина ўзбек муҳожирлари рус тилини яхши билмаслиги, ҳуқуқий саводхонликнинг паст даражада экани, иш шартномаларисиз меҳнат фаолиятини амалга ошириши уларни ноқонуний шароитларга мослашишга мажбур қилмоқда.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги 2024 йил июн ойида Россияга расмий нота юборди. Бироқ амалиётда ўзгаришга эришиш учун икки давлат ўртасида доимий ҳуқуқий механизмлар, консуллик хизматлари ва фуқароларни ҳимоя қилиш бўйича фаол иш олиб борилиши лозим.

 

Саида Мирзиёеванинг Россияга сафари стратегик дипломатиями?

Россия Президенти Владимир Путин Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизи — Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёеванинг яқинда Москвага қилган ташрифини ҳамда ёшлар масаласидаги фаоллигини эътироф этди.

Путиннинг яқинда ахборот агентликлари раҳбарлари билан бўлган мулоқотида бу ташриф алоҳида тилга олинди:

«Саида Шавкатовна яқинда Москвада бўлиб, Ҳукуматда менинг кўплаб ҳамкасбларим билан, Президент Администрациясида учрашувлар ўтказди. У айнан Президент топшириғига биноан ёшлар ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш ва ёшлар йўналишини илгари суришга катта эътибор қаратмоқда. Бу борада аниқ таклифлар бор ва биз, албатта, барчамиз биргаликда бунинг устида ишлаймиз. Бу йўналиш (ёшлар масаласи) энг муҳим йўналишлардан бири – бу аниқ», — деди Путин.

Саида Мирзиёева Россия ҳукумати ва Президент маъмуриятининг юқори даражали шахслари — Михаил Мишустин, Антон Вайно, Сергей Кирийенко, Алексей Громов ва Владимир Мединский билан учрашувлар ўтказган. Унда меҳнат миграцияси, ёшлар сиёсати, кадрлар тайёрлаш, маданият ва ахборот хавфсизлиги бўйича мулоқотлар бўлган.

Москвада мигрантларга нисбатан кучайган рейдлар, ОМОНнинг қўпол муомаласи, ҳуқуқбузарликлар ва ирқчиликка оид ҳолатлар фонида бўлиб ўтган ушбу ташриф ҳеч бўлмаганда ҳуқуқий ва консуллик ҳамкорлигини муҳокама қилишга баҳона бўлиши керак эди. Афсуски, бундай мазмундаги мулоқотлар ҳақида расмий маълумот берилмади.

 

Россиядан ташқаридаги дунё

Марказий Осиё мамлакатларида меҳнат миграцияси миллионлаб фуқаролар учун асосий даромад манбаларидан бири бўлиб қолмоқда. 2024 йил ҳолатига кўра, меҳнат муҳожирларининг пул ўтказмалари Ўзбекистон ЯИМда 14 фоизни ташкил этади. Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, мигрантларнинг хориждан Ўзбекистонга пул ўтказмалари бўлмаганда, мамлакатдаги камбағаллик даражаси 9,6 фоиздан 16,8 фоизга ошиши мумкин эди.

Ўзбекистон ҳукумати сўнгги йилларда меҳнат бозорини фақат Россия билан чекламасдан, бир қатор Европа ва Осиё давлатлари билан ҳам қонуний ишлаш механизмларини жорий этишга киришди.

Хусусан, сўнгги йилларда миграциянинг сезиларли ўсиши Европа Иттифоқи мамлакатларида, жумладан, Полша (ЕИга берилган визаларнинг 21 фоизи), Литва (17 фоиз), Германия (16 фоиз) ва Латвияда (7 фоиз) кузатилган. Буюк Британия томонидан меҳнат муҳожирларига бўлган мавсумий талаб ҳам сақланиб қоляпти. Ўзбекистон фуқароларига берилаётган мавсумий визалар барча мавсумий берилган визаларнинг қарийб 13 фоизини ташкил этган.

Маълумот учун, Буюк Британия томонидан Ўзбекистон фуқароларига 2021 йилда 556 та, 2022 йилда 4228 та, 2023 йилда эса 4094 та виза берилган. Қолаверса, Жанубий Корея ва Туркияга ҳам умумий миграцион оқим ошиб боряпти. Ўзбекистон Миграция агентлиги Словакия, Полша, Мўғулистон, Венгрия каби давлатларга ҳам ишлаш имкониятлари учун эшиклар очаётганини эълон қилиб бормоқда.

Юлдуз Абдурашидова тайёрлади.