Қашқадарёда 59 тонна олтин топилди: Вилоят ўзининг тилла даврини бошламоқда!

19:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Қашқадарёда саноатга жалб этиладиган миллиардлаб сармоялар ва конлар аукциони орқали олтин ҳамда ноёб металлардан фойдаланиш бошланади.

Loyixa

Жорий йилда Қашқадарё вилоятига жалб этиладиган инвестициялар ҳажми 3,5 миллиард долларни ташкил этиши режалаштирилган. Бу ҳақда 20 июн куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган Қашқадарё вилоятини комплекс ривожлантиришнинг устувор вазифаларига бағишланган йиғилишда маълум қилинди.

Ўтган беш ойлик ҳолатга кўра, Косон, Китоб ва Чироқчи туманларида инвестиция оқими қарийб икки баробар ошгани қайд этилди. Бироқ вилоятдаги 12 та конга ҳали саноат кириб бормаган.

Ҳозирда қурилиш материаллари йўналишида умумий қиймати 150 миллион долларга тенг 16 та лойиҳа тайёрланган. Ушбу лойиҳаларни жадаллаштириш, конларни эса аукционга чиқариш вазифаси юклатилди.

Айниқса, Китоб туманидаги 100 гектар майдонда 20 тонна олтин захираси борлиги аниқланган. Табиатга зарар етказмасдан, ёпиқ усулда олтин қазиб олишга 100–150 миллион доллар сармоя киритишга қизиқиш билдираётганлар кўп экани маълум қилинди. Шу боис ушбу конни ҳам аукционга чиқариш зарурлиги таъкидланди.

Китобдаги яна 5 та истиқболли майдонда 39 тонна олтин захираси борлиги, Чироқчида эса 10 минг тонна ноёб металлар топилгани маълум қилинди. Ушбу ҳудудларда илмий-геология ишларини бошлаш тўғрисида топшириқ берилди.