Ажратиладиган маблағлар ҳисобига 183 километр узунликдаги сув ва канализация тармоқлари, шунингдек, 8 та сув иншоотининг қурилиши якунланиши лозим. Президент Шавкат Мирзиёев мутасаддиларга бу ишлар амалий натижа бериши кераклигини таъкидлаб, лойиҳаларни аниқ муддатда якунлашни топширди.
Қарши шаҳрида марказлашган сув таъминоти 97 фоизга етган бўлса-да, сув етказиб беришда асосий рол ўйнайдиган 110 километрли магистрал қувурнинг ярмидан кўпи мурувватга муҳтож. Сув йўқотиш юқори даражада, бу эса аҳолини барқарор ичимлик суви билан таъминлашга жиддий тўсиқ бўлмоқда.
Шу боис Президент «Қанчалик қийин бўлмасин, Ҳисорак сув омборидан Қарши шаҳригача ичимлик суви тортиш керак», дея таъкидлади. Ушбу лойиҳа бўйича таклиф тайёрлаш мутасаддилар зиммасига юклатилди.
Бундан ташқари, Қарши шаҳри канализация тизимини яхшилаш ишларини жорий ойда бошлаш кераклиги кўрсатиб ўтилди. Бу мақсадда халқаро молия институтларидан 60 миллион доллар жалб қилинган.
Амалга ошириладиган ислоҳотлар вилоят аҳолисининг турмуш сифатини яхшилаш ва санитария талабларига жавоб берадиган инфратузилма яратишга қаратилган.