Расмий даромади йўқ фуқароларга кредит олиш имконияти очилмоқда

19:20 | 3 дақиқада ўқилади.

23 июндан бошлаб Ўзбекистонда “Альтернатив скоринг” тизими орқали расмий даромади йўқ фуқароларнинг молиявий интизоми баҳоланади. Бу янгилик уларга банк кредитларидан фойдаланиш имконини сезиларли даражада кенгайтиради.

Credit jobless

2025 йил 23 июндан бошлаб Кредит-ахборот таҳлилий маркази “Альтернатив скоринг” деб номланган янги тизимни амалга жорий этади. Бу механизм расмий даромади қайд этилмаган фуқароларга ҳам кредит олиш имконини тақдим этади.

Янги тизим фуқароларнинг сўнгги 12 ойдаги банк карталари орқали амалга оширган тўловлари, коммунал хизматлар учун тўловлари ва Мажбурий ижро бюросида қайд этилган маълумотлари асосида молиявий интизомини баҳолайди.

Ушбу маълумотлар асосида ҳар бир шахс учун махсус скоринг бали ҳисобланади. Банклар мана шу бал асосида фуқароларнинг кредит олиш ёки рад этилиши бўйича қарор қабул қилади. Бунда расмий иш жойига эга бўлмаган, аммо мунтазам тўловларни амалга ошираётган шахслар ҳам инобатга олинади.

Тизимдан фойдаланиш бепул эмас. “Альтернатив скоринг” ҳисоботи учун фуқаролар базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,05 қисми, яъни 18 750 сўм (ҚҚСсиз) тўлов тўлашади. 2025 йил 1 августдан бу нарх БҲМ ошишига қараб 20 600 сўмгача кўтарилади.

Аввалроқ Pinkod.uz расмий манбаларига таяниб, маҳсулот хариди вақтида банк кредити ва насия савдоси ўртасидаги фарқлар юзасидан таҳлилий мақола эълон қилган эди. Унда харидор учун қайси усул фойдалироқ экани очиб берилган.