Украина энергетика вазири Герман Галушченко Россия сўнгги ҳафталарда мамлакат энергетика инфратузилмасига қарши кенг кўламли ҳужумларни қайта бошлаганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, айниқса фронт яқинидаги ҳудудларда вазият янада кескинлашган.
Галушченко сўзларига кўра, ҳозирча Украина энергетика тизими барқарор ишламоқда ва навбатли электр узилишлари хавфи йўқ. Бироқ янги оммавий зарбалар юз берса, бу ҳолат ўзгариши мумкин. У шунга қарамасдан мамлакатда етарли миқдорда кўмир, ядро ёқилғиси ва газ захираси борлигини маълум қилди.
Вазир таъкидлашича, қишда Украинада электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг 60 фоизи атом электр станцияларида ишлаб чиқарилган энергия ҳисобига қопланиши режалаштирилган.
Расмий маълумотларга кўра, ўтган 2023 йил давомида Россия Украина энергетика инфратузилмасига 33 марта кенг кўламли ҳужум уюштирган. Уларда минглаб ракеталар ва ўн минглаб учувчисиз учиш аппаратлари қўлланилган.
Ҳозирда энергетика тизимининг хавфсизлигини таъминлаш ва келгуси ҳужумларга тайёргарлик кўриш Украина ҳукумати олдидаги энг устувор вазифалардан бири бўлиб турибди.