Ўзбекистон футболининг навбатдаги ёш истеъдоди Европа сари йўл оляпти. «Пахтакор» клуби ярим ҳимоячиси Муҳаммадали Ўринбоев яқин кунларда Белгиянинг машҳур «Антверпен» жамоаси сафига қўшилиши кутилмоқда.
Маълумотларга қараганда, 20 ёшли футболчи Белгия клуби билан келишувга эришган. Футболчи айни дамда виза масаласи ҳал бўлишини кутмоқда. У Франция орқали Белгияга йўл олади. Бу трансфер нафақат футболчининг шахсий фаолиятида, балки бутун Ўзбекистон футболининг Европадаги нуфузи учун ҳам муҳим қадам бўлиши мумкин.
Жорий мавсумда Ўринбоев «Пахтакор» сафида 14 учрашувда майдонга тушиб, 5 та гол ва 3 та ассист қайд этган.
Шунингдек, футболчи аввалроқ Англиянинг «Брентфорд B» жамоасида ҳам фаолият юритган.
«Антверпен» — Белгиянинг кўп карра чемпиони ва Европа мусобақаларида мунтазам иштирок этувчи жамоа ҳисобланади.