АҚШ элчихонаси виза талабгорларидан ижтимоий тармоқларни ҳаммага кўринадиган қилиб қўйишни сўрамоқда

16:30 | 4 дақиқада ўқилади.

21 июндан бошлаб АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси таълим ёки алмашинув визаларига (F, M, J) мурожаат қилувчи ўзбекистонлик фуқаролардан барча ижтимоий тармоқ аккаунтларида махфийлик созламаларини оммавий ҳолатга ўтказишни талаб қилмоқда. Талаб бажарилмаса, виза рад этилиши ёки келгусида виза олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлиш хавфи бор.

Socset

АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси таълим (F), касбий ўқиш (M) ёки алмашинув дастурлари (J) визаларига ариза топширмоқчи бўлган ўзбекистонликлар учун янги тартиб жорий этганини маълум қилди. Унга кўра, барча аризачилар ўз ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларидаги махфийлик созламаларини оммавий ҳолатга ўтказишлари талаб этилади. Бу талаб виза мурожаатчилари ҳақидаги маълумотни тўлиқ ўрганиш ва хавфсизлик бўйича баҳолашни енгиллаштириш мақсадини кўзлайди.

Элчихона маълумотларига кўра, DS-160 шаклини тўлдиришда сўнгги 5 йил ичида фойдаланилган ижтимоий тармоқлар, тахаллуслар ва аккаунтлар ҳақидаги маълумот тўлиқ ва ҳаққоний тарзда кўрсатилиши лозим. Маълумотни бермаслик ёки яшириш аризанинг рад этилишига ҳамда кейинчалик виза олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлишга сабаб бўлиши мумкин.

АҚШ виза тизимида 2019 йилдан буён ижтимоий тармоқ маълумотларини талаб қилиш амалиёти мавжуд бўлиб, бу миллий хавфсизлик ва хавфли шахсларни аниқлаш учун жорий қилинган. Энди эса, аккаунтларни оммавий ҳолатга ўтказиш орқали улар тўлиқ кўриниши керак бўлади.

Бу талаб АҚШ маъмуриятининг хорижлик талабалар ва олий таълим муассасаларига нисбатан янги текширув стратегиясининг бир қисми ҳисобланади. Хусусан, сўнгги ойларда президент Доналд Трамп ва Ҳарвард университети ўртасидаги сиёсий тортишувлар, университет ҳудудида Фаластинни қўллаб-қувватловчи акциялар уюштирилиши билан боғлиқ можаро бу жараённи янада кучайтирди.

Трамп маъмурияти Ҳарвардни федерал маблағлардан маҳрум қилиб, талабалар сиёсатини ислоҳ қилишни талаб қилган. Ҳарвард бошида қарши чиққан бўлса-да, кейинчалик музокараларга мойиллик билдирган. Бу контекстда, чет эллик талабаларга виза беришда текширувлар янада қаттиқлашганини билдиради.

Аввалроқ АҚШ Давлат департаменти хорижий талабаларга визалар берилишини қайта бошлагани, бироқ ариза берувчилар энди ижтимоий тармоқлардаги ўз аккаунтларини кузатиш ҳуқуқини ҳукуматга тақдим этиши шарт қилиб белгиланган хабар қилинган эди.