АҚШ қарорини кутаётган Исроил Эронда икки стратегик йўл қаршисида қолди — NYT

16:00 | 4 дақиқада ўқилади.

The New York Times таҳлилига кўра, Доналд Трамп Эронга ҳарбий зарба бериш масаласини кечиктираётган бир пайтда, Исроил ядровий таҳдидга қарши икки хавфли йўлдан бирини танлашга мажбур бўлмоқда: ёки Фўрдуни ёлғиз ҳужум қилиб йўқ қилиш, ёки урушни Фўрдусиз тўхтатиш.

Fordow mapFoto: Maxar

The New York Times манбаларига кўра, Исроилнинг асосий стратегик мақсади — Эроннинг Фўрду ядро объектларини йўқ қилиш бўлиб турибди. Бу иншоот шунчалик чуқур ер остига жойлашганки, ҳатто Исроилнинг энг кучли авиабомбалар ҳам уни вайрон қилишда самарасиз бўлиши мумкин.

Исроил умид қилиб келган америкалик авиабомбалар — дунёдаги ягона Фордудек мустаҳкам иншоотларни йўқ қилишга қодир қурол — ҳозирча Трамп томонидан ишлатилишига рухсат берилгани йўқ. Президент ушбу қарорни икки ҳафтагача кечиктирди, бу эса Исроилни стратегик қийин вазиятга солиб қўйди.

Мақолада таъкидланишича, АҚШ қарорини кутар экан, Исроил ҳар куни баллистик ракеталарга қарши мудофаа тизими захираларини харж қилиб, бир ҳудудни ҳимоя қилиш учун бошқасини хавф остида қолдиришга мажбур. Бу мудофаа имкониятларининг қисқариши натижасида фуқаролик ва стратегик объектларга ҳужум қилиш эҳтимоли ошиб бораётганини англатади.

Иқтисодий жиҳатдан ҳам ҳаво маконининг ёпилиши ва иқтисодий фаолиятнинг тўхташи мамлакатдаги бизнес ва ҳаво қатновига жиддий зарар етказмоқда. NYT ёзишича, уруш қанча тез тугаса, иқтисодий тикланиш шунча тез бошланади.

Исроилда эса икки йўл муҳокама қилинмоқда. Биринчиси — АҚШ ёрдамисиз Фўрдуга ўз кучлари билан ҳужум қилиш. Бу хавфли ва техник жиҳатдан мураккаб бўлса-да, Бинямин Нетаняҳу мамлакатнинг «барча ядровий объектларга етадиган қудрати бор»лигини айтган. Айрим экспертлар махсус коммандо гуруҳлар орқали саботаж амалга ошириш вариантини ҳам кўриб чиқишмоқда.

Иккинчи йўл — урушни Фўрдуга зарба бермасдан якунлаш. Бироқ бу ҳолатда Эроннинг уран бойитиш дастури қисман сақланиб қолади ва Исроилга таҳдид сақланиб қолади. Шунинг учун, NYT таъкидлашича, Исроил ҳозирча урушни тўхтатиш ниятида эмас.

Газета ёзишича, Исроил раҳбарлари ҳатто Эрондаги асл ҳокимият — аятулло Али Хоманаийни ағдариш ёки ўлдириш ҳақида очиқ-ойдин гапира бошлашган. Гарчи бу амалий мақсад бўлмаса-да, Исроилнинг кейинги кунларда ҳам ҳужумларни давом эттириш нияти борлигини кўрсатади.