Давлат фуқаролик хизмати янги тизим асосида янгиланади

21:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Президент фармонига мувофиқ, давлат хизматчилари фаолиятига янги ёндашувлар жорий этилади

Fuqarolik xozmati

Ўзбекистонда давлат фуқаролик хизматини янгилаш, уни натижадорлик ва касбийликка асосланган тизимга айлантириш мақсадида Президент фармони қабул қилинди. Унга кўра, 2025–2026 йилларда давлат хизматида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилади.

Фармонга асосан, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Бошқарув академияси ва “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳамкорлигида кадрлар тайёрлашнинг яхлит тизими жорий этилади. 2026 йилдан бошлаб давлат хизматига янги қабул қилинган ходимлар билан шартнома дастлаб бир йилга тузилади ва ижобий натижалар қайд этилса, доимий шартномага ўтилади.

Бошқарув ва ёрдамчи лавозимларга қабул фақат Давлат фуқаролик хизматининг ягона портали орқали амалга оширилади. Шунингдек, иш натижаларини баҳолаш KPI ва онлайн мониторинг тизими орқали кузатилади.

Раҳбарлар салоҳиятини баҳолаш ва истиқболли кадрлар захирасини шакллантириш мақсадида “ТОП-100” дастури жорий қилинади. Миллий ва салоҳиятли кадрлар захираси ҳам ташкил этилади.

2025 йил 1 октябрдан хизмат сафарлари “Xizmat safari” электрон модули орқали юритилади. 2025 йил сентябридан давлат хизматчиларининг кўникмаларини ошириш мақсадида “Давлат хизматчиси” мобил иловаси ишга туширилади.

2026 йил 1 январдан эса давлат органлари фаоллиги бўйича миллий рейтинг жорий этилади.Бу чоралар давлат хизматини самарали, очиқ ва рақобатбардош тизимга айлантиришни кўзда тутади.