Эрондан 60 га яқин ўзбекистонлик Туркманистон орқали қайтарилди

17:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Яқин Шарқдаги мураккаб вазият туфайли Эронда қолиб кетган 60 га яқин ўзбекистонлик фуқаро Туркманистон орқали хавфсиз тарзда Ватанга қайтарилди. Бу жараён Ўзбекистон дипломатик хизматларининг фаоллиги натижасида амалга ошди.

Turkan eron uzb

Яқин Шарқдаги зиддиятли вазият сабаб Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ўз фуқароларини хавфсиз эвакуация қилиш бўйича шошилинч чоралар кўрмоқда. Хусусан, Эронда бўлиб турган ватандошларни Ватанга қайтариш учун Туркманистон ҳудудидан транзит сифатида фойдаланилмоқда.

«Дунё» ахборот агентлиги маълум қилишича, Туркманистон раҳбарияти гуманитар ёрдам кўрсатиш мақсадида ўз ҳудудини транзит йўлак сифатида тақдим этган. Бу ташаббус халқаро ҳамкорлик ва қўшничилик муносабатларининг яна бир ифодаси сифатида баҳоланмоқда.

Ўзбекистоннинг Теҳрон ва Ашхободдаги элчихоналари ҳузурида тезкор штаблар ташкил этилган бўлиб, улар куну-тун фаолият олиб бормоқда. Теҳрондаги дипломатик ваколатхона фуқароларнинг хавфсиз ҳаракатланишини таъминласа, Ашхободдаги элчихона виза, транспорт ва чегара масалаларини ҳал қилишда фаол иштирок этмоқда.

Маълумотларга кўра, бугунги кунга келиб Эрондан Туркманистон орқали 60 га яқин Ўзбекистон фуқароси Ватанга қайтарилди. Эвакуация жараёни тизимли ва мувофиқлаштирилган ҳолда олиб борилмоқда.

Ташқи ишлар вазирлиги мазкур тадбирлар Ўзбекистоннинг фуқароларга бўлган эътибори, халқаро ҳамжиҳатлик ва яқин қўшничилик сиёсатига содиқлигини яна бир бор намоён этганини таъкидламоқда. Мазкур ишлар давом эттирилиши ва бошқа фуқароларнинг ҳам хавфсизлиги таъминланиши кўзда тутилмоқда.