Исроил Бош штаби раҳбари Эронга қарши узоқ урушга тайёрланишга чақирди

11:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Исроил армияси бош штаби раҳбари Эял Замир Эронга қарши олиб борилаётган ҳарбий ҳаракатларни мамлакат тарихидаги энг мураккаб кампания деб атади. У ўз мурожаатида Исроилни узоқ ва кўп фронтли урушга тайёр туришга чақирди.

Eyal zamir

Исроил Қуролли кучлари бош штаби раҳбари Эял Замир 20 июн куни қилган баёнотида Эронга қарши ҳарбий ҳаракатларни «Исроил тарихидаги энг қийин ҳарбий кампания», деб атади. Унинг таъкидлашича, бу зиддият шунчалик кенг кўламли ва хавфлики, унга қарши курашда мамлакат узоқ муддатли урушга тайёр бўлиши шарт.

Замир Исроил ҳарбийларига қилган мурожаатида: «Биз шундай миқёсдаги таҳдидни бартараф этиш учун тарихимиздаги энг оғир кампанияни бошладик. Бу урушда енгил кунлар бўлмайди», — деди.

Унинг сўзларига кўра, Эронга қарши кампания ҳали якунланмаган. Замир Исроил бир вақтнинг ўзида бир неча фронтда курашаётганини эслатди. У Ғазодаги уруш ҳам ҳали тугамаганини ва буни ҳам инобатга олиш лозимлигини таъкидлади.

Бош штаб раҳбари: «Биз мавжуд таҳдидларни бартараф қилиш учун фаол ва огоҳлантирувчи ҳаракатлар олиб боришимиз зарур. Бу фақат ҳозирни эмас, келажакни ҳам ҳимоя қилиш масаласидир», — дея таъкидлади.