Исроил Эрон Қизил Ярим Ой жамияти вертолётига зарба берди

22:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Икки давлат ўртасидаги тўқнашувлар ортидан тинч аҳоли қурбонлари ошиб бормоқда

Iran helicopter

20 июнь куни Исроил томонидан Эрон Қизил Ярим Ой Жамиятига тегишли қутқарув вертолётига зарба берилди. Бу ҳақда ташкилот ўзининг Telegram-каналида маълум қилди. Ҳужум оқибатида вертолёт шикастлангани қайд этилган.

Ушбу ҳаракат Эрон ва Исроил ўртасидаги кескинлик давомида содир бўлди. Эрон ҳукуматининг баёнотига кўра, Исроил зарбаларига жавоб тариқасида мамлакат ракеталар ва учувчисиз аппаратлар орқали Исроилнинг бир неча ҳарбий нишонларига зарба берган. Бир неча шаҳарларда уй-жойлар вайрон бўлган, тинч аҳоли ўртасидаги қурбонлар сони ортган.

Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, ҳозиргача камида 430 нафар киши ҳалок бўлган, 3500 нафардан зиёд фуқаро жароҳатланган. Исроил томони эса Эроннинг ҳужумлари натижасида 20 нафардан ортиқ инсон ҳалок бўлганини, 1200 нафарга яқини жароҳатланганини маълум қилган.

Томонлар кун давомида бир неча марта бир-бирига зарба бермоқда. Исроил расмийлари Эроннинг ядровий дастури тўлиқ йўқ қилинмагунча ҳарбий амалиётлар тўхтамаслигини таъкидламоқда. Эрон эса Исроил ҳаво ҳужумларини тўхтатмагунча зарбаларни давом эттиришини билдирган.

Шу пайтгача “The New York Times” Эрондаги манбаларига таянган ҳолда, Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг ўлдирилиши ҳолатида унинг ўрнига келадиган учта номзод танлангани ҳақида хабар берган эди.