Ню Йоркда машҳур пушти олмос 14 млн долларга сотилди

22:00 | 4 дақиқада ўқилади.

Франция қироличасига тегишли бўлгани тахмин қилинаётган «Мария-Терезия» номли 10,38 каратли пушти олмос Ню Йоркда ўтказилган аукционда рекорд нарх — 14 млн долларга сотилди. Унинг бу қадар қиммат бўлиши сирли кимёвий ва геологик жараёнлар билан боғлиқ.

Pink diamond

Ню Йорк шаҳрида бўлиб ўтган аукционда «Мария-Терезе» деб номланган ноёб пушти тусли олмос 14 млн долларга сотилди. Бу нарх дастлаб таклиф этилган баҳодан уч баробар юқори бўлиб, тарихий ва геологик жиҳатдан ҳам ушбу тошнинг ноёблигини кўрсатади. 15,5 грамм вазнга эга ушбу 10,38 қиротли тош аввал 1996 йили Женевада ҳам сотилган, аммо ўшандаги баҳоси номаълум бўлган.

Пушти олмослар табиатда жуда кам учрайди. Олимларнинг фикрича, бундай ранг тош тузилмасидаги атом ётқизиқларининг мураккаб деформацияси натижасида пайдо бўлади. Ернинг 150–200 км чуқурлигидан босим ва ҳарорат таъсирида шаклланадиган ушбу тузилмалар ёруғликнинг ўтишини ўзгартириб, кўзга пушти тусда кўринади.

Жаҳондаги бундай ноёб тошларнинг 90 фоизи Австралиянинг ғарбида жойлашган Argyle конларидан олинган. Бу минтақадаги вулқонли структура бошқа конлардагидан фарқ қилади ва айнан шу ерда шундай тусли тошлар пайдо бўлган. Ушбу кон 2020 йили ёпилганидан кейин бозорда пушти ва қизил олмослар янада камёб ва қимматга айланди.

Бразилия, Ҳиндистон, Россия ва Жанубий Африкада ҳам бундай тошлар аниқланган, аммо улар Argyle конларига нисбатан анча кам чиқади. «Мария-Терезе» олмоси ҳатто пушти-бинафша тусига эга бўлиб, бу ранг тош тузилмасига водород сингиши орқали юзага келган ва уни янада ноёб қилади.

Лабораторияда бундай тошларни сунъий равишда яратиш уринишлари давом этмоқда. Инфрақизил ёруғлик ва рентген спектроскопия каби технологиялар ёрдамида сунъий ва табиий тошларни фарқлаш мумкин бўлса-да, табиий жараёндаги аниқ механик деформацияни ҳалигача тўлиқ такрорлаб бўлмаяпти.

Шунинг учун ҳам табиий пушти ва қизил олмослар ер юзидаги энг ноёб ва қимматбаҳо тошлардан бири ҳисобланади ва яқин вақт ичида уларнинг қиймати янада ортиши кутилмоқда.