Покистон расмийлари 2025 йилда юзага келган Ҳиндистон-Покистон можаросида Доналд Трамп томонидан амалга оширилган дипломатик саъй-ҳаракатларни тинчлик учун ўта муҳим ва самарали деб баҳолади. Расмий Исломободнинг баёнотида айтилишича, Трампнинг икки томон билан олиб борган дипломатик мулоқоти ҳарбий тўқнашувнинг кенгайиб кетишига йўл қўймаган ва ядровий давлатлар ўртасида кенг кўламли урушнинг олдини олган.
Покистон томони можаро чоғида ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда «Bunyanum Marsoos» деб номланган ҳарбий операцияни ўтказганини қайд этди. Операция аниқ, чегараланган ва фақат салоҳиятли ҳарбий объектларга қаратилган бўлиб, тинч аҳоли орасида йўқотишларнинг олдини олишга уринган.
Ҳукуматнинг баёнотида Трампнинг Жанубий Осиёдаги барқарорликка қаратилган саъй-ҳаракатлари, хусусан, Жамму ва Кашмир масаласини ҳал қилишга бўлган таклифлари ҳам алоҳида эътироф этилди. Покистон бу муаммо БМТ Хавфсизлик кенгашининг резолюциялари асосида ҳал этилмагунча минтақада барқарор тинчликка эришиш қийин бўлишини таъкидлади.
Покистон ҳукумати, шунингдек, Трампнинг Ғазодаги инсонпарварлик фожиаси ва Эрон атрофида кучаётган можароларга бўлган эътиборини ҳам қайд этган ҳолда, унинг халқаро тинчлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлари давом этади, деб умид билдирди.