Рақобат қўмитаси чегирма ва акцияларни тартибга солишни таклиф қилмоқда

19:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Рақобат қўмитаси чегирмаларга оид янги тартибни жорий этишни таклиф қилмоқда. Унга кўра, сунъий арзонлаштириш, алкоголь ва тамаки маҳсулотларига чегирма эълон қилиш тақиқланади.

Sale alcahol

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Рақобат қўмитаси чегирма ва акцияларни тартибга солиш бўйича янги тартибни жамоатчилик муҳокамасига тақдим этди.

Ҳужжат лойиҳасига мувофиқ, алкоголь], пиво, вино ва тамаки маҳсулотлари, шунингдек, никотин истеъмоли ускуналари учун ҳар қандай чегирма ва акциялар тақиқланади. Сотувчилар чегирмани фақат сўнгги 30 кун ичидаги энг паст нарх асосида кўрсатиши мумкин.

Чегирма амал қилиш муддати, яъни бошланиш ва тугаш санаси аниқ кўрсатилиши талаб этилади. Агар чегирма фақат муайян шартларда амал қилса, бу ҳолат олдиндан истеъмолчига билдирилиши лозим.

Яна бир муҳим жиҳат — сунъий равишда нархни ошириб, кейин арзонлаштирилганини чегирма сифатида кўрсатиш мумкин эмас. Шунингдек, чегирмадаги нарх одатий нархдан катта шрифтда ёзилиши ҳам тақиқланади.

Акциялар ҳақидаги маълумотлар тадбир бошланишидан 10 кун аввал солиқ органларига тақдим этилиши керак. Истеъмолчини адаштирмаслик учун акция шартлари, амал қилиш муддати ва маҳсулот номи аниқ кўрсатилиши лозим.

Акция давомида шартлар ўзгартирилмаслиги ва акцияга тушган товарлар етарли миқдорда захирада бўлиши ҳам белгиланмоқда. Агар чегирма маҳсулотнинг яроқлилик муддати тугаётгани ёки қадоқ шикастлангани сабабли берилса, бу ҳолат ҳам аниқ кўрсатилиши шарт.

Шунингдек, чегирмадан фойдаланиш учун шахсий маълумот талаб этилса, сотувчи ушбу маълумотларни қандай мақсадда йиғиши ва ишлатиши ҳақида истеъмолчини олдиндан хабардор қилиши лозим.