Сунъий интеллект сайтларни Google’сиз қолдирмоқда

15:00 | 3 дақиқада ўқилади.

ChatGPT каби сунъий интеллект воситалари интернетда ахборот излаш усулини тубдан ўзгартирмоқда. Бу кўплаб сайтларни трафик, реклама ва даромаддан маҳрум қилмоқда.

Ai google

Интернетда ахборот излаш бўйича анъанавий тизим ўзгармоқда. Google қидируви орқали ташрифчиларни жалб қилиб келган сайтлар эндиликда жиддий қийинчиликларга дуч келмоқда. Бунга асосий сабаб — фойдаланувчиларнинг ChatGPT, Perplexity ва шунга ўхшаш сунъий интеллект воситаларидан тўғридан-тўғри маълумот олишни афзал кўраётганидир.

WCCF TECH манбасига кўра, бу ўзгариш айниқса сайёҳлик порталлари, ахборот сайтлари ва янгилик агентликларини қийин аҳволга солмоқда. Даромадлар камайиб, баъзи ҳолатларда ходимлар ишдан бўшатилмоқда. Техник жамоалар сунъий интеллектнинг асосий ахборот манбасига айланаётганини кузатиб, янги бизнес моделларини яратишга уринишмоқда.

Google компанияси сунъий интеллектга инвестиция киритишни давом эттирмоқда, аммо унинг қидирув тизими оммавийлигида пасайиш кузатилмоқда. Аксарият фойдаланувчилар энди Google орқали сайтларга ўтиш ўрнига, сунъий интеллект платформалари орқали тўғридан-тўғри жавоб олишга ўтмоқда.

Бундай шароитда компаниялар ўз стратегиясини қайта кўриб чиқишга мажбур. Яъни, уларга ўз сунъий интеллект ечимларини ишлаб чиқиш ёки даромад манбаларини диверсификация қилиш талаб этилмоқда.

Ҳозирги тенденция матбуот воситалари ва онлайн бизнес моделларининг келажаги қандай бўлишини қайтадан кўриб чиқиш зарурлигини кўрсатмоқда.