Хитой Марказий Осиёни ўз таъсир доирасига фаол жалб қилмоқда

13:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Эрон ва Исроил ўртасидаги можаро дунё эътиборини тортган бир пайтда, Хитой Қозоғистонда ўтказилган иккинчи “Хитой–Марказий Осиё” саммити орқали бутун минтақанинг геосиёсий архитектурасига таъсир ўтказувчи қадам ташлади.

Zi xinping

Яқин Шарқдаги кескин зиддиятлар, жумладан, Эрон ва Исроил ўртасидаги можаро, халқаро ҳамжамият диққатини тўлиқ жалб қилган бир пайтда, Хитой Марказий Осиёда стратегик ҳаракатга ўтди. Қозоғистонда бўлиб ўтган “Хитой–Марказий Осиё” иккинчи саммити бу минтақанинг сиёсий ва иқтисодий келажагини белгилаб берадиган муҳим воқеликка айланди.

Саммитда Хитой раҳбари Си Цзинпин, шунингдек, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон президентлари иштирок этди. Унда Хитой ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик сарҳисоб қилинди, келгуси истиқболлар белгиланди. Бошқа йирик кучлар ҳарбий можаролар билан банд экан, Пекин минтақани дипломатик ва иқтисодий воситалар орқали ўз таъсирига жалб қилмоқда.

Саммитда “абадий дўстлик” ва “умумий тақдир ҳамжамияти” каби шиорлар ортида инфратузилма, таълим, энергия, технологиялар соҳаларида институционал ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Хитой қашшоқликка қарши кураш, чўлланиш ва таълим соҳаларида учта янги марказ ташкил этишини эълон қилди. Бу ташаббуслар Хитойнинг минтақадаги таъсирини давлат бошқарувигача чуқур сингдиришга қаратилганини кўрсатади.

Хитой шунингдек, минтақада “юмшоқ куч”ни кучайтириш ниятида. Конфуций институтлари ва тиббиёт марказлари орқали келажак авлод онгига таъсир кўрсатиш режалаштирилмоқда. Бу жараён Марказий Осиёни шунчаки геосиёсий шахмат тахтасидаги фигура эмас, балки мустақил сиёсий актёрга айлантиришга хизмат қилади.

Ғарб давлатлари бу жараённи охирги ўринга суриб қўймаслиги керак. Чунки Хитой ҳарбий базалар ёки таҳдидларсиз, мулоқот, инвестиция ва таълим орқали узоқ муддатли таъсирини мустаҳкамламоқда. “Хитой–Марказий Осиё” саммити — бу нафақат мулоқот, балки амалий стратегик режанинг йўлга қўйилишидир.