Евро ва юан каби долларга жиддий рақобатчи сифатида майдонга чиқмоқда.

14:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда сўм долларга нисбатан сезиларли даражада мустаҳкамланмоқда. Сўнгги 30 кун ичида расмий курс 400 сўмдан ортиқ, бир ҳафтада эса 260 сўмдан кўп тушган. Бу сўнги йилларда кузатилмаган динамика сифатида баҳоланмоқда.

Yuan euro

2025 йил июн ойида доллар сўмга нисбатан кескин арзонлашди. Марказий банкнинг расмий курси сўнги кунларда кундалик 60 сўмгача пасайиш билан, 12 500 сўмдан пастга тушди. Бу ҳолат сўнгги бир ярим йил ичида биринчи марта кузатилди.

Долларнинг глобал қадрсизланиши вазиятга жиддий таъсир қилмоқда. АҚШ валютаси учун асосий кўрсаткич саналадиган доллар индекси — DXY 2022 йилдан буён энг паст нуқтага тушиб, инвесторлар ишончи сўнмоқда. Доналд Трампнинг яна президент этиб сайланиши ва унинг ташқи сиёсатдаги номаъқул баёнотлари ҳам бу ҳолатни кучайтирмоқда.

Бир вақтнинг ўзида, Ўзбекистон иқтисодиётида ижобий ўзгаришлар қайд этилмоқда. Иқтисодиётнинг йиллик ўсиш суръати 6 фоиздан ортиқ, халқаро рейтинг агентликлари эса мамлакатнинг кредит баҳосини оширди. Экспорт, инвестиция ва пул ўтказмалари ўсиши сўмнинг мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.

Марказий банк ҳам курс сиёсатини эркинлаштирган: аввалги йилларда доллар пасайиши 15–20 сўмни ташкил этган бўлса, ҳозир 50–60 сўмлик ўзгаришлар одатий ҳолга айланди.
Яқинда Ўзбекистон олтин сотуви бўйича жаҳонда етакчи ўринлардан бирини эгаллади. Олтин нархининг юқорилиги, айниқса, 2025 йилда мамлакатга кўпроқ валюта кириб келишини таъминламоқда.

Келгусида доллар мустаҳкамланиши кутилмоқда. Бироқ экспорт мавсуми ва инфляциянинг пасайиши сўм учун барқарор муҳит яратиши мумкин. Шу билан бирга, глобал миқёсда долларга бўлган ишонч сезиларли камаймоқда. Евро ва юан каби валюта блоклари доллар устунлигига жиддий рақобатчи сифатида майдонга чиқмоқда.