ACWA Power Қорақалпоғистонда шамол электр станцияси учун $280 млн маблағ жалб қилди

22.06.2025 15:31 | 4 дақиқада ўқилади.

Саудиялик ACWA Power компанияси Қорақалпоғистон Республикасида 200 MW қувватдаги шамол электр станцияси ва 100 MW энергия сақлаш тизимини қуриш учун $280 млн қарз маблағи жалб этди.

Shes qr

Саудия Арабистонининг ACWA Power компанияси Қорақалпоғистон Республикасидаги «Нукус-2» шамол электр станцияси қурилиши учун $280 млн миқдорида кредит маблағи жалб қилганини маълум қилди. Компаниянинг билдиришича, лойиҳа Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида таниқли халқаро молия институтлари кўмагида илгари сурилган.

Лойиҳани қўллаб-қувватловчи банклар орасида Осиё тараққиёт банки, Saudi Exim Bank, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки, Нидерландиянинг FMO банки ва Standard Chartered Bank каби йирик тузилмалар бор. Улар билан ҳамкорликда ҳужжат имзоланди ва молиявий кўмак тўғрисида келишувга эришилди.

«Нукус-2» лойиҳаси доирасида 200 MW қувватга эга шамол электр станцияси ва 100 MW энергия сақлаш тизими қурилиши режалаштирилган. Бу орқали қайта тикланувчи манбалар ҳиссасини ошириш ва электр таъминоти барқарорлигини таъминлаш кўзда тутилган.

Бундан аввал, 2024 йил 28 март куни ACWA Power ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) кўмагида умумий қиймати $262,65 млн бўлган ДХШ асосида ҳамкорлик шартномаси имзоланган эди.

Шу ҳафта Бухоро вилояти ҳокимлиги ACWA Power томонидан Ғиждувон туманида 650 млн долларлик шамол станцияси ишга туширилганини маълум қилди. Бу лойиҳа йилига 1,8 млрд kWh электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради ва 500 млн метр куб табиий газ тежалишига хизмат қилади.

ACWA Power Ўзбекистонда ўз фаолиятини кенгайтириш ниятида. Компания ҳозирда ҳукумат билан яна $5 млрдлик янги келишув устида иш олиб бормоқда. Умумий инвестиция портфели 15 миллиард долларга етган бўлиб, жами 19 та энергетика лойиҳасини қамраб олган.