Али Хоманаий ўз ўрнига учта ворис номзодни танлаб қўйди: улар орасида ўғли йўқ

22.06.2025 14:00 | 5 дақиқада ўқилади.

Исроил ҳужумлари ортидан хавфсизлигидан хавотир олган аятулло Али Хоманаий ўз ўлими эҳтимолига тайёргарлик кўра бошлади. У ворислик учун уч номзодни белгилаган ва ҳатто ҳукумат таркибидаги эҳтиёт ўринбосарларни ҳам тайинлаб қўйган.

Khamenei ir

The New York Times манбасига кўра, Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаий Исроилнинг ядровий инфратузилмага қаратилган ҳарбий амалиёти ортидан ҳаётига хавф сезмоқда. Шу сабабли у ўз ўлими ҳолатида ҳокимиятнинг барқарор тарзда ўтиши учун учта ворис номзодини танлаб қўйган. Кутилаётганидан фарқли ўлароқ, улар орасида унинг ўғли Мўжтабо Хоманаий йўқ.

Мўжтабо Хоманаийнинг диндорлиги ва Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси билан яқин алоқалари бор. Аммо 86 ёшли олий раҳбар унга устунлик бермаган. Манбаларга кўра, Хоманаий сўнгги кунларда ерости бункерида яшамоқда ва алоқани фақат ишончли шахслар орқали олиб бормоқда. Барча электрон ускуналар хавфсизлик мақсадида ўчирилган.

Оятуллоҳ ҳокимиятнинг тез ва мувофиқ тарзда ворисга ўтиши учун экспертлар кенгаши органига уч номзоддан бирини шошилинч танлашни топширган. Бу жараён одатда ойлаб давом этади, аммо ҳарбий шароит сабабли уни тезлаштириш талаб қилинмоқда. Шу билан бирга, Хоманаий ҳукуматдаги юқори лавозимларга ҳам эҳтиёт номзодларни белгилаб қўйган.

Эрон расмийлари ички хавфсизликда ҳам таҳдид борлигини айтмоқда. Уларга кўра, Исроил жосуслари ва маҳаллий ҳамкорлар мамлакатда дронлар орқали стратегик объектларга ҳужум қилмоқда. Бу эса хавфсизлик идоралари ва шахсан Хоманаийни жиддий ташвишга солган.

Ички ва ташқи таҳдидлар фонида Эрон разведка вазирлиги юқори амалдорларга мобил қурилмалардан фойдаланишни таъқиқлади. Уларга вақтинча ерости бошпаналарида қолиш бўйича кўрсатма берилган. Асосий хавотирлар — Хоманаийга суиқасд, АҚШнинг бевосита аралашуви ва нефт заводлари ҳамда электростанцияларга ҳужумлардан иборат.

20 июн куни Женевада Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчийнинг Европа давлатлари билан музокаралари якунланди. Бирор муваффақият қайд этилмаган. АҚШ президенти Доналд Трамп музокараларга нисбатан эҳтиёткор фикр билдириб, Эронга икки ҳафта муҳлат берди. У янгиланган ядровий келишувни талаб қилмоқда, аммо бу муҳлатдан кейин ҳарбий аралашув бўладими — аниқ айтмади.

Бу вақтда Исроил Эроннинг ядровий объектларга қарши кенг кўламли ҳужумлар ташкил қилмоқда. Вашингтонда эса Трамп томонидан тасдиқланган, аммо амалга оширилмаган зарба режаси муҳокама қилинмоқда. Бункерларни тешиб ўтувчи GBU-57 бомбаларининг самарадорлиги шубҳа остида экани боис, уни Исроилга тақдим этиш қарори кечиктирилган.