«Барча самолётлар Эрон ҳаво ҳудудини аллақачон тарк этди», — деб ёзди Трамп ва Фўрду ядровий мажмуасига «бомбаларнинг тўлиқ тўплами» ташланганини алоҳида таъкидлади.
CNN телеканали манбасининг хабар беришича, вазият билан таниш манба маълумотига кўра, ҳарбий операция вақтида Америка ҳарбийлари томонидан B-2 туркумига кирувчи бомбардимончи самолётлар қўлланган. Телеканал манбаларига таяниб билдиришича, АҚШ Фўрду ядровий мажмуасига қарши илк бор жанг шароитида 30 000 фунт (31,6 тонна) оғирликдаги GBU-57A/B турдаги Massive Ordnance Penetrator (MOP) авиабомбаларини ишлатган. Исфаҳон ва Натанздаги объектларга эса Tomahawk туркумига мансуб қанотли ракеталар орқали зарба берилган — улар АҚШнинг сувости кемаларидан учирилган.
Эронга қарши зарба ҳақидаги хабар эълон қилинганидан тахминан ярим соат ўтгач, Трамп Оқ уйдан миллатга мурожаат билан чиқишини маълум қилди. Унда Эрондаги ҳарбий операция ҳақида тўлиқ маълумот берилишини айтди.
«Бу АҚШ, Исроил ва бутун дунё учун тарихий палладаги воқеадир, — деб ёзди у чиқишидан олдин. — Эрон энди бу урушни тўхтатишга рози бўлиши шарт».
Трампнинг мурожаати
Трамп АҚШ қуролли кучлари томонидан Фўрду, Натанз ва Исфаҳондаги учта асосий ядровий объектга берилган зарбалар «кенг кўламли ва аниқ йўналтирилган» бўлганини таъкидлади.
«Бизнинг мақсадимиз — Эроннинг уранни бойитиш бўйича ядровий салоҳиятини йўқ қилиш ва терроризмнинг дунёдаги асосий ҳомийси саналган давлат томонидан келаётган ядровий таҳдидни бартараф этишдан иборат эди, — деди Трамп ўзининг тахминан 3,5 дақиқа давом этган чиқишида. — Бугун кечқурун бутун дунёга шунга аминлик билан маълум қилишим мумкин: зарбалар фавқулодда ҳарбий муваффақиятга айланди. Эрондаги асосий ядровий бойитиш объектлари бутунлай ва қайтиб тикланмас даражада йўқ қилинди».
Америка президентининг қўшимча қилишича, Эрон «энди тинчлик келишувини имзолашга мажбур».
«Агар бу содир бўлмаса, кейинги зарбалар бундан ҳам кўлами катта бўлади», — деб таҳдид қилди у.
Трампнинг таъкидлашича, сўнгги 40 йил давомида Эрон АҚШ ва Исроилни йўқ қилишга даъват қилган, минглаб инсонларнинг, жумладан 1000 дан ортиқ америкаликларнинг ҳалокатига олиб келган терактлар уюштирган.
«Мен бунга энди йўл қўймасликка анча олдин қарор қилганман. Энди бу давом этмайди», — деди у.
Мурожаати давомида Трамп Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуга миннатдорлик билдирди ва уни табриклади.
«Биз жамоа сифатида ишладик — балки ҳеч қандай жамоа бу даражада бирлашмаган бўлса керак — ва биргаликда Исроилга хавф солаётган бу даҳшатли таҳдидни бартараф этиш сари улкан қадам ташладик», — деди у.
Трамп, шунингдек, операцияни амалга оширган Америка ҳарбийларини ҳам табриклади.
«Умид қиламанки, келажакда бундай кўринишда улар ёрдамига муҳтож бўлмаймиз. Мен чин дилдан шундай бўлишини истайман», — дея қўшимча қилди у.
АҚШ президенти огоҳлантиришича, агар Эрон тинчликка келишмаса, «бундан-да катта фожеа» юз бериши мумкин.
Шу билан бирга, Трамп 22 июнь куни соат 8:00 (Тошкент вақти билан 13:00) да Пентагонда АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтишини ҳам эълон қилди.
Эроннинг муносабати
АҚШнинг зарбаларидан сўнг илк марта омма олдида баёнот берган Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчий Вашингтонни халқаро ҳуқуқни бузганликда айблади.
«БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси бўлган Америка Қўшма Штатлари Эроннинг тинч ядровий объектларига зарба бериш орқали БМТ Низоми, халқаро ҳуқуқ ва Ядровий қуролларни тарқатмаслик тўғрисидаги шартномани жиддий равишда бузди», — деди Ароқчий. «Бугунги тонгда юз берган воқеалар жуда ҳам ғазаблантирувчи ва узоқ муддатли оқибатларга олиб келади».
Эрон БМТ Хавфсизлик кенгашидан фавқулодда йиғилиш ўтказишни талаб қилди.
Ароқчий қўшимча қилиб, Эрон «ўз суверенитети, манфаатлари ва халқини ҳимоя қилиш учун барча воситалардан фойдаланиш ҳуқуқини ўзда сақлаб қолади», деди.
Шу билан бир вақтда Исроил армияси Эрон томонидан ракеталар учирилганини маълум қилди. Хайфа ва Тел Авивга зарбалар берилгани ҳақида хабар қилинган.
Исроилнинг муносабати
Исроил бош вазири чиқарган видеомурожаатида Трампнинг қарорини олқишлади.
«Президент Трампни табриклайман. Эроннинг ядровий объектларига зарба бериш тўғрисидаги жасур қарорингиз АҚШнинг даҳшатли ва адолатли қудрати орқали тарих йўналишини ўзгартирди. <…> Эрон ядровий инфратузилмасига қарши ўтказилган бугунги операцияда Америка беназир ҳаракат қилди. Ер юзида ҳеч қайси давлат амалга ошира олмайдиган ишни Америка бажарди. Тарих президент Трампни — дунёдаги энг хавфли режимни энг хавфли қуролдан маҳрум қилган раҳбар сифатида ёдда сақлайди».
Бинямин Нетаняҳу таъкидлашича, «Трампнинг бугунги етакчилиги тарихда бурилиш ясаган нуқтани яратди, бу эса Яқин Шарқ ва бошқа минтақаларни фаровонлик ва тинчлик келажагига етаклаши мумкин».
У Исроил халқи номидан Трампга миннатдорлик изҳор қилиб шундай деди: «Биз президент Трамп билан “куч орқали тинчлик” борасида тез-тез шундай гаплашамиз: аввало куч келади, кейин тинчлик. Бугун эса президент Трамп ва АҚШ улкан кучни намоён қилди».
Америка Конгрессининг муносабати
CNN телеканали манбаларга таяниб хабар беришича, АҚШ Эронга бериши режалаштирилган зарбалар ҳақида бир қатор конгресс аъзолари олдиндан хабардор қилинган. Улар орасида Сенатнинг разведка масалалари бўйича қўмитаси аъзолари ва вакиллар палатаси спикери Майк Жонсон ҳам бўлган.
Жумладан, республикачи Рик Кроуфорд операция бошланишидан аввал Оқ уй билан доимий алоқада бўлганини айтди.
«Бу ҳаракатлар бошланишидан олдин мен Оқ уй билан алоқада эдим ва яқин кунларда вазиятни диққат билан кузатишда давом этаман, — деб ёзди Кроуфорд X тармоғида. — Президент Трампнинг қатъий ҳаракатларини олқишлайман ва аниқ ва муваффақиятли зарбалар учун Америка ҳарбийларига миннатдорлик билдираман».
Республикачи сенатор Линдси Грэҳэм ҳам Эронга зарба бериш ҳақидаги қарорни қўллаб-қувватлади.
«Жуда яхши. Бу тўғри қарор бўлди. Бу режим буни муносиб кўрди. Аъло даражадаги иш, президент Доналд Трамп. Азиз ватандошларим, бизда дунёдаги энг кучли ҳарбий-ҳаво кучлари бор. Мен бу билан фахрланаман. Парвоз, жанг, ғалаба қозониш!» — деб ёзди у X тармоғида.
Бироқ АҚШнинг ҳарбий операциясини кўплаб қонун чиқарувчилар қоралади.
Республикачи Томас Мэсси бу қарорга қисқача жавоб берди. У X тармоғида шундай ёзди: «Бу — Конституцияга зид».
Сенатор-демократ Тим Кейн ўз баёнотида Америка жамоатчилиги катта аксарият билан Эронга қарши урушга қарши эканини таъкидлади.
«Кеча Исроил ташқи ишлар вазири Эроннинг ядровий дастури Исроил бомбардимонлари сабаб камида икки-уч йилга ортга сурилганини эътироф этди. У ҳолда нима учун Трамп айнан бугун шошма-шошароқ ва хатарли қарор қабул қилди? Бу – даҳшатли қарор. Мен шунга эришаманки, ҳар бир сенатор овоз берсин – улар Яқин Шарқдаги бу учинчи аҳмоқона урушни қўллаб-қувватлашадими ёки йўқ», — деб ёзди у.
Демократ конгрессвумен Рашида Тлейб янги уруш хавфи борасида хавотир билдирди.
«Президент Трамп Конгресс розилигисиз Эронни бомбардимон қилиш учун Америка қўшинларини юборди — бу бизнинг Конституциямизга очиқ-ойдин зид ҳолатдир. Америка халқи яна бир тугамас урушни истамайди, — деб ёзди у X тармоғида. — Америка халқининг овозини эшитиш ўрнига, Трамп Ироқ масаласида алдаган, ҳозир эса Эрон масаласида яна алдоқчи ҳарбий жиноятчи Нетаняхуни тингламоқда. Конгресс бу Конституцияга зид тажовузни зудлик билан тўхтатиши керак».
Демократ конгрессвумен Яссамин Ансорий Трампнинг ҳаракатларини «ноқонуний» деб атади ва Конгресснинг ҳарбий ваколатлар бўйича резолюциясини муҳокама қилиш учун фавқулодда йиғилишни зудлик билан чақиришни талаб қилишини маълум қилди.
Демократ конгрессвумен Александрия Окасио-Кортес эса Трамп «бутун авлодларга етиб борадиган урушни бошлаш хавфига бемаслаҳат қўл урди» деб баҳо берди. У қўшимча қилди: «Бу мутлақ ва шубҳасиз импичмент учун асос бўлади».
БМТнинг муносабати
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш АҚШнинг Эронга берган зарбасини хавфли эскалация деб баҳолади ва тинчликка чақирди.
«Мен АҚШ томонидан бугун Эронга нисбатан қўлланилган кучдан чуқур хавотирдаман. Бу – аллақачон таранг вазиятда бўлган минтақада хавфли эскалация бўлиб, халқаро тинчлик ва хавфсизликка бевосита таҳдид солади, – деди Гутерриш. – Можаро назоратдан чиқиб кетиши ва бу тинч аҳоли, бутун минтақа ва дунё учун ҳалокатли оқибатларга олиб келиши хавфи тобора ортиб бормоқда».
У шунингдек, вазиятни юмшатишга чақирди.
«Бу хавфли пайтда бесабрликни жиловлаш ва беқарорликка йўл қўймаслик жуда муҳим. Муаммонинг ҳарбий ечими йўқ. Олдинга йўл — бу фақат дипломатия», — дея урғу берди у.
Эрон ва Исроил ўртасидаги можаро 13 июн куни авж олган эди. Исроил Эроннинг ядровий объектларига зарба бериб, бир неча юқори мартабали эронлик ҳарбийларни йўқ қилди. Бунга жавобан Теҳрон Исроил ҳудудига ракета ва дрон зарбаларини бошлади.