Эрон Исроилга қарши янги ракета тактикаси қўллади: 35 ракета, 3 тўғри зарба

22.06.2025 15:00 | 3 дақиқада ўқилади.

22 июн тонгида Эрон Ислом Инқилоби муҳофизлари корпуси Исроилга қарши янги тактик ҳужум ўтказди. Баллистик ва ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизимига чап беришга мўлжалланган ракеталар қўлланилди. Ракеталар Тел Авив, Ҳайфа ва Нес Ционага етиб борган, 23 киши яраланган.

Nes ziona

Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) матбуот котиби 22 июн куни эълон қилган баёнотда айтилишича, АҚШнинг Эрон ядровий объектларига ҳаво ҳужумларига жавобан Исроилга қарши махсус ракета ҳужуми амалга оширилган. Унда илк бор янги тактика — юқори талафот етказувчи баллистик ракеталар ва ҳово ҳужусмидан ҳимоя (ҲҲҲ) тизимларига чап беришга қодир ракета турлари биргаликда қўлланган.

Ҳужумнинг асосий нишонлари сифатида «Бен-Гурион» халқаро аэропорти, ИИМК томонидан тилга олинган «биологик тадқиқотлар институти» ва бир нечта ҳарбий базалар кўрсатилган. Бу обектларга нисбатан зарар даражаси ва техник ахборот аниқ эмас.

Исроил расмийлари маълум қилишича, тонг соатларида мамлакат бўйлаб хавф сигнали берилиб, ракета тўлқини Гуш Дан, марказий ва шимолий ҳудудларни қамраб олган. Алоҳида ҳолат сифатида Ҳайфада портлаш кузатилган бўлса-да, хавф сигнали ишламаган.

07:38 да ҳужум Гуш Дан, Шарон ва Шфела округлари ҳамда Ғарбий Қуддусда қайд этилган. 07:42 да эса Ҳайфа ва Жўлан тепаликлари атрофига ракета отилган. Кейинги зарбалар 07:44, 07:48 ва 08:02 да кузатилган.

Жами 35 та ракета отилган бўлиб, уларнинг аксарияти Исроил ҲҲҲ тизимлари томонидан осмондаёқ йўқ қилинган. Бироқ Тел Авив, Ҳайфа ва Нес Ционада мўлжалга тўғри етиб борган зарбалар кузатилган. Портлашлар оқибатида 23 киши жароҳатланган. Улардан бири ўрта даражада, қолганлари енгил тан жароҳати олган.

Эрон томони ҳужумлар билан бир вақтда Исроилнинг ҳарбий ва илмий инфратузилмасига зарар етказиш ҳамда ҲҲҲ тизимини чалғитиш мақсадини кўзлаган.