Исроил Эронга қарши уч мақсадни белгилади: Хоманаий ҳали асосий нишон эмас

22.06.2025 11:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саарга кўра, ядровий дастур, ракета салоҳияти ва ҳарбий қўмондонликни йўқ қилиш — Эронга қарши олиб борилаётган операциянинг асосий мақсадларидир. Режимни ўзгартириш ҳозирча расмий мақсадлар қаторида эмас.

Gideon saar

Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саар Германиянинг Bild нашрига берган интервюсида Эронга қарши урушнинг расмий мақсадларини очиқлади. Унинг сўзларига кўра, Исроил ҳукуматининг бу борадаги устувор йўналишлари — Эроннинг ядровий дастури, ракета технологиялари ва ҳарбий қўмондонлик тизимини йўқ қилиш ҳисобланади.

Саар қайд этишича, бу мақсадлар расман эълон қилинган ва ҳозирдаги ҳарбий ҳаракатларнинг асосий йўналишини белгилаб беради. Шунга қарамай, у Эроннинг олий раҳбари — оятуллоҳ Али Хоманаийни йўқ қилиш режада бор-йўқлиги ҳақида изоҳ беришдан бош тортди. «Исроил ўз ҳаракатлари ҳақида олдиндан баёнот бермайди», — деди у.

Вазирнинг таъкидлашича, Исроил хавфсизлик кабинети ҳозирча Эрондаги режимни алмаштиришни уруш мақсади сифатида белгиламаган. Аммо у бундай қараш келгусида ўзгариши мумкинлигини инкор этмади. Саарга кўра, Теҳрон билан музокаралар йўли тугаган, дипломатик саъй-ҳаракатлар натижа бермаган.

Бундан ташқари, Саар Исроил ҳаракатлари халқаро ҳуқуқ нормаларига зид деган танқидларни рад этди. У Эронни уран бойитиш дастуридан воз кечишга чақирди ва Исроилнинг ҳаракатлари ўзини ҳимоя қилиш мақсадида амалга оширилаётганини таъкидлади.

17 июн куни АҚШ президенти Доналд Трамп Хоманаийнинг жойлашуви ҳақида АҚШ ҳарбийлари маълумотга эга эканини айтди. Унинг таъкидлашича, Хоманаий «осон нишон» ҳисобланади, аммо Вашингтон ҳозирча уни йўқ қилишни режалаштираётгани йўқ.