Эрондаги Noor News ахборот агентлиги хабар беришича, Исроил ҳарбий операцияси бошланганидан бери мамлакатда камида 430 киши ҳалок бўлган. Маълумот Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб тақдим этилган. Операция давомида 3500 нафарга яқин киши жароҳатлангани қайд этилмоқда.
20 июн ҳолатига кўра, яраланганлар сони 2800 нафар этиб кўрсатилган эди. Сўнгги кунларда бу рақам яна ортаётгани айтиб ўтилди. 17 июн куни эса Исроил қўшинлари томонидан Эрон давлат телерадио компанияси — IRIB биносига қилинган ҳужум натижасида ушбу агентликнинг уч ходими ҳалок бўлгани хабар қилинган.
Исроил ва Эрон ўртасидаги қуролли зиддият 13 июн куни янги босқичга ўтди. Исроил армияси Эрон ҳудудидаги ядровий иншоотлар ҳамда юқори даражали ҳарбий шахсларни нишонга олган ҳужумларни амалга оширган. Бунга жавобан Эрон Исроилга қарши ракета ва дронлар билан ҳужумни бошлаган.