Исроилдаги Ўзбекистон Республикаси элчихонаси мамлакатдаги фуқароларимизга махсус мурожаат билан чиқди. Унда Исроил мудофаа армияси (ЦАХАЛ)нинг сўнгги хавфсизлик бўйича огоҳлантирувлари ва чекловлари ҳақида маълумот берилган.
ЦАХАЛ хабарига кўра, 22 июн соат 03:45 дан 23 июн соат 08:00 гача мамлакатда хавфсизлик бўйича янги чекловлар амалга киритилди. Бу чоралар минтақадаги ҳарбий вазиятнинг кескинлашуви ортидан жорий этилган.
Янги тартибга кўра, аввал «чекланган фаолият» деб белгиланган ҳудудларда энди фақат «зарур ҳолларда фаолият»га рухсат берилади. Барча таълим муассасалари вақтинча фаолиятини тўхтатади. Шунингдек, барча ишлаб чиқариш корхоналари ҳам ёпилади. Фақат ҳарбий эҳтиёжлар ва аҳолининг зарур маҳсулотлари учун ишлайдиган секторлар бундан мустасно.
Энг муҳим чекловлардан бири — иш жойларига чиқиш бутунлай ТАҚИҚЛАНАДИ. Шундай экан, юртдошларимизнинг хавфсизликка жиддий ёндашишлари талаб этилади, дейилади мурожаатда.
Шунингдек, элчихона ўз мурожаатида фуқароларни хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилишга, расмий маълумотларни доимий кузатиб боришга ва айниқса ракета отишмалари пайтида бошпаналарни тарк этмасликка чақирди.
Ўзбекистон элчихонаси Исроилдаги вазиятни диққат билан кузатмоқда ва зарур ҳолларда ёрдам кўрсатишга тайёр эканини билдирди.