Ўзбекистонда 1 июлдан уй сотиб олишда эскроу тизими жорий этилади

22.06.2025 08:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Кўчмас мулк шартномалари янги шаффоф ва хавфсиз механизм орқали амалга оширилади. Ушбу тизим қурилишда молиявий интизомни кучайтириши ҳамда мижозлар учун хавфсиз муҳит яратиши кутилмоқда.

Eskrou

2025 йил 1 июлдан Ўзбекистонда уй-жой харид қилиш жараёнида эскроу тизими амалиётга жорий этилади. Бу тизим орқали қурилиш соҳасида шаффофлик ва молиявий тартиб таъминланиши, фуқаролар ҳуқуқлари эса мустаҳкам ҳимоя қилиниши кутилмоқда.

Янги тартибга кўра, харидорлар маблағи тўғридан тўғри қурилиш компаниясига берилмайди. Аксинча, пуллар махсус банк ҳисобварағида сақланади ва қурилиш ишлари камида 30 фоизга бажарилганидан сўнггина қурувчига ўтказилади. Бу механизм қурилишнинг амалий ҳолати билан молиявий ҳисоб-китобни боғлайди.

Шартномалар фақат давлат рўйхатидан ўтган объектлар бўйича тузилиши мумкин. Шунингдек, «Шаффоф қурилиш» ахборот тизими орқали маълумотлар назорати ва солиқ органларига автоматик юбориш таъминланади. Ушбу тизим 2025 йил 31 декабргача амалдаги усуллар билан параллел равишда қўлланилади. 2026 йил 1 январдан эса шартномалар фақат эскроу ҳисобварақлар орқали амалга оширилади.

Шу билан бирга, кўчмас мулк харидига доир ушбу тизим қурилишда молиявий интизомни кучайтиради ҳамда мижозлар учун хавфсиз муҳит яратади. Мутасаддиларга кўра, эскроу тизими қурилиш соҳасида қонунийлик ва манфаатлар мувозанатини таъминлашда муҳим қадам бўлади.