Трамп: «Мен тўрт-бешта Нобелнинг тинчлик мукофотига лойиқман, аммо улар фақат либералларга берилади»

22.06.2025 10:00 | 4 дақиқада ўқилади.

АҚШ президенти Доналд Трамп ўзини Руандадан тортиб Ҳиндистон–Покистон урушигача, ҳатто Иброҳим келишувларига қадар бир неча тинчлик ташаббуслари учун Нобел мукофотига сазовор деб ҳисоблашини айтди.

Trump noble1

Доналд Трамп яна бир бор халқаро мукофотларга нисбатан ўзига хос муносабатини билдирди. Унинг фикрича, у камида тўрт ёки беш бор Нобел тинчлик мукофотига лойиқ бўлган, бироқ мукофот сиёсий қарашларга асосланган ҳолда фақат «либералларга» берилади.

Бу ҳақда Трамп журналистлар саволларига жавоб берар экан, айтиб ўтди. Унга собиқ конгрессмен Мэтт Гетц томонидан билдирилган таклиф — агар Трамп воситачи сифатиад Эрон–Исроил можаросини тинчита олса,  у Нобел мукофотига лойиқ бўлиши эслатилганида, у ўзини аллақачон бир неча тинчлик жараёнларида ҳал қилувчи шахс сифатида кўрсатди.

«Менга Руанда, Конго, Сербия ва Косово учун мукофот беришлари керак эди. Энг каттаси — бу Ҳиндистон ва Покистон. Шунингдек, Иброҳим келишувлари (араб давлатлари ва Исроил ўртасидаги тинчлик ва ҳамкорлик келишуви) учун ҳам менга мукофот берилса арзийди. Лекин улар менга бермайди, чунки бу мукофот фақат либералларга насиб қилади», — деди Трамп.

Маълумки, 2024 йил январ ойида АҚШ Конгресси аъзоси Клодия Тенни Трамп номзодини Нобел тинчлик мукофотига илгари сурган эди. Унинг таъкидлашича, Трамп Исроил, БАА ва Баҳрайн ўртасида дипломатик муносабатларни нормаллаштирган «Иброҳим келишувлари»га эришишда муҳим рол ўйнаган.

Иброҳим келишувлари 2020 йилда — Трампнинг биринчи президентлик муддатида имзоланган бўлиб, Исроилнинг араб давлатлари билан яқинлашувига йўл очган. Бу жараён Трамп маъмурияти даврида амалга оширилган ва халқаро ҳамжамият томонидан муҳим геосиёсий воқелик сифатида баҳоланган эди.

Шу билан бирга, Трампнинг бу каби даъволари аввало сиёсий ва медиа эффектга қаратилгани ҳам таҳлилчилар томонидан қайд этилмоқда. Унинг Нобел мукофотига бўлган муносабати, одатдагидек, баҳсларга сабаб бўлди.