22 июн куни Британиянинг The Telegraph газетаси Доналд Трамп бошчилигида АҚШнинг Фўрду, Натанз ва Исфаҳондаги Эрон ядровий объектларига амалга оширган зарбаларига бағишланган таҳлилий мақола чоп этди. Нашрда таъкидланишича, бу ҳаракат АҚШнинг стратегик рақиблари — Хитой ва Россияга йўлланган кучли сигналдир.
Муаллифнинг қайд этишича, Трамп ўз сайловолди кампаниясида халқаро можаролардан узоқ туришни ваъда қилган эди. Аммо ҳозирги зарбалар бундай ваъдалардан четга чиқиш эмас, балки «куч орқали тинчлик» доктринасининг амалий ифодасидир.
The Telegraph собиқ АҚШ расмийларининг фикрларига ҳам ўрин берди. Шу жумладан, номаълум манба Трампни ҳарбий ҳаракатлардан кўра келишувларга урғу берадиган етакчи, деб атади. Бироқ у «энг яхши келишувлар рақиблар заиф ҳолатда музокарага мажбур бўлганда амалга ошади», деган қарашга таянмоқда.
Эрон бўйича АҚШ Давлат департаментининг собиқ маслаҳатчиси Габриэл Нороньянинг таъкидлашича, Трамп бу ҳаракатлари орқали ядровий дастурга «ва-банк» зарба бермоқда. Унинг сўзларига кўра, Трамп бу орқали тарихда тан олинишни ҳам истамоқда.
Собиқ Пентагон амалдори Симона Ледин эса АҚШнинг зарбалари нафақат Эрон, балки бутун дунё учун муҳим сиёсий сигнал бўлганини қайд этди. «Бу ҳаракат Трамп фақат келишувлар билан чекланмаслигини ва АҚШнинг кучини дунёга эслатишини кўрсатди», — деди у.
Унинг фикрича, бу нафақат Эронга, балки Хитой, Россия ва бошқа рақибларга ҳам йўлланган огоҳлантирувчи хабар ҳисобланади. АҚШ ҳали ҳам глобал куч эканини кўрсатиш мақсад қилинган.
The Telegraph мақоласи АҚШ ташқи сиёсатининг янги босқичга ўтганини ва Трамп маъмуриятининг силжишини очиқ ифода этмоқда. Бу эса глобал мувозанатни янада шиддатли қилиши мумкин.