Европа оммавий, арзон ва кучли янги дрон-камикадзени ишлаб чиқмоқда

22.06.2025 17:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Украинадаги уруш тажрибаси асосида ишлаб чиқилган янги дрон-камикадзе — One-Way Effector, Европа қўшинлари учун арзон ва самарали ҳалокат қуроли бўлади. У Париж авиасалонида тақдим этилди ва 2027 йилда серияли ишлаб чиқарилиши мумкин.

One way

Европанинг MBDA ракета компанияси Париж авиасалонида One-Way Effector деб номланган янги  дрон-камикадзе прототипини намойиш этди. Лойиҳа Украинадаги урушда Эроннинг Shahed дронларидан олинган тажриба асосида яратилган, деб ёзмоқда Interesting Engineering.

Тезлиги 400 km/h бўлган  дрон реактив двигател билан жиҳозланган ва 36 кг оғирликдаги ҳарбий юкни 500 км масофага етказолади. Бу кўрсаткичлар уни Shahed-136 билан солиштирганда тезроқ, аммо камроқ масофага уча оладиган қурол сифатида ажратади.

One-Way Effector асосан душманнинг ҳаво мудофаа тизимини чалғитиш ва тўсиш мақсадида ишлаб чиқилмоқда. MBDA вакилига кўра, дрон нархи қанотли ракетага нисбатан анча арзон бўлади ва уни оммавий тарзда ишлаб чиқариш имконияти бор.

Франция ҳарбийлари лойиҳани фаол қўллаб-қувватламоқда. Шунингдек, номи ошкор қилинмаётган автомобилсозлик компанияси иштирокида дронларни ойига 1000 дона миқдорида ишлаб чиқариш режалаштирилган. Бу мақсадда тайёр бўлган қисмлар — жумладан, 155 мм артиллерия снарядлари учун мўлжалланган яримаҳсулотлардан фойдаланилади.

One-Way Effector сунъий интеллект билан жиҳозланмаган бўлса-да, уни учиришда ишга тушириш мумкин. Бу орқали дронлар «тўда» ҳосил қилиб, душман ҲҲҲ тизимини ҳаддан зиёд юклантириб, самарали ҳужум қилиш имкониятини яратади.

Дроннинг илк парвози 2025 йил кузига режалаштирилган. Агар Франциянинг қуролланиш агентлиги DGA келишувни маъқулласа, дронларнинг оммавий ишлаб чиқарилиши 2027 йилдан бошланиши мумкин.

Лойиҳа Европа мудофаа стратегиясидаги арзон, тезкор ва юқори шиддатли можароларда самарали бўлган қуроллар ишлаб чиқишга қаратилган янги тенденцияни акс эттиради.