2026 йилдан давлат органлари фаоллиги баҳоланади

23.06.2025 13:45 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда 2026 йил 1 январдан бошлаб давлат органлари фаоллигининг миллий рейтинг тизими жорий этилади. Президент фармонига мувофиқ, баҳолаш бир неча асосий мезонлар асосида амалга оширилади.

Baholash

Президент фармонига кўра, келаси йилдан давлат органлари ва ташкилотлари фаоллигини баҳолаш учун махсус рейтинг тизими амалга тадбиқ этилади. Бу тизим давлат бошқарувини шаффоф, самарали ва аҳоли учун фойдалироқ қилишни мақсад қилади.

Рейтинг қуйидаги йўналишлардаги натижалар асосида шакллантирилади: инсон ресурсларини бошқариш, давлат хизматлари сифати ва тезкорлиги, фаолиятдаги очиқлик, коррупцияга қарши кураш, рақамлаштириш даражаси, раҳбарлар фаолияти самарадорлиги ҳамда бошқа норматив баҳолар.

Тузиладиган рейтинг нафақат ижро органлари фаолиятини назорат қилиш, балки уларни иш усулларини қайта кўриб чиқиш, бошқарув жараёнларини соддалаштириш ва самарадорликни оширишга хизмат қилади.

Натижалар асосида қуйи кўрсаткичларга эга давлат органлари иш услубини янгилашига тўғри келади. Бундан ташқари, ҳукумат йиғилишларида раҳбарларнинг шахсий фаолиятига ҳам баҳо берилиб борилади.

Ушбу тизим давлат хизматларини аҳоли эҳтиёжларига мос равишда шакллантириш, фуқаролар ишончини ошириш ва тузилмаларда аниқлик ва масъулиятни таъминлашни кўзлайди.