22 июн куни АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс ABC телеканалига берган интервюсида Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведевнинг баёнотига муносабат билдирди.
Венс Медведев томонидан айтилган «Эрон ядровий қурол ишлаб чиқариши муқаррар», деган фикрни танқид қилди ва «жуда ғалати» деб баҳолади.
«Аввало, менимча, бу жуда ғалати жавоб. Шу билан бирга, бу одам Путин ё Россия ҳукумати номидан гапирмоқдами ёки йўқ, билмайман», — деди Вэнс.
Унинг таъкидлашича, сўнгги ойларда Россия билан ўтказилган мулоқотларда расмий Москва Эроннинг ядровий қуролга эга бўлишини истамаслигида қатъий тураётганини билдирган.
Вэнс таъкидлашича, ядровий қуроллар бўйича АҚШ, Россия ва Хитой ўртасида жиддий келишмовчиликлар мавжуд бўлишига қарамай, Яқин Шарқда ядровий қуроллар тарқалишига қарши умумий позиция сақланиб қолган. «Бу камдан-кам ҳолатлардан бири, бу борада барча якдил», — деди у.
Медведев ўз постида АҚШнинг Эронга қилган ҳужумлари ортидан кўплаб давлатлар Теҳронга ядровий каллаклар етказишга тайёр эканини айтган эди. Унинг фикрича, Трампнинг ҳаракатлари ядровий уруш хавфини кучайтирмоқда.
Вэнс эса, аксинча, АҚШнинг мақсади — айнан Эроннинг ядровий қурол ишлаб чиқаришининг олдини олиш эканини таъкидлади. У Эрон ядровий қуролга эга бўлса, бутун Яқин Шарқда стратегик мувозанат йўқолиши ва янги қуролланиш пойгаси бошланишини қайд этди.
Интервю давомида Вэнс Медведевнинг сўзлари Россия расмий позициясини акс эттириш-эттирмаслиги ҳақида ҳам шубҳа билдирди. Шу боис, у АҚШ дипломатлари Россия билан бу борада алоҳида алоқада эканини билдирди.