Букмекерликни тарғиб қилган блогерлар иши судга оширилди

23.06.2025 14:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Букмекерлик хизматларини реклама қилган таниқли блогерлар маъмурий жавобгарликка тортилди ва улар иши судга юборилди. Рақобат қўмитаси ушбу ҳолатлар қонунбузарлик сифатида баҳоланганини маълум қилди.

Onlayn qimor

Ўзбекистонда букмекерлик хизматларини тарғиб қилган блогерларга нисбатан қонунга зид ҳаракатлари учун расмий тартибда иш очилиб, тегишли ҳужжатлар судга юборилди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси маълум қилди.

Қўмита томонидан ижтимоий тармоқлар ва ахборот майдонидаги рекламалар қонунчиликка мослиги юзасидан ўрганишлар олиб борилди. Таҳлиллар давомида юз минглаб обуначига эга бўлган блогерлар ўз саҳифаларида “Melbet” товар белгиси остида букмекерлик фаолиятини тарғиб қилувчи видеоларни жойлаштиргани аниқланган.

Жумладан, Шодиев Жасурбек (jasjannew), Нормаматов Дадабек (allme.uz), Рахматов Шерхон (sherxon.zdss) ва Хасанбоев Хожиакбар (hojiakbar\_ku)нинг саҳифаларида қимор ўйинларини тарғиб қилувчи материаллар тарқатилган.

Қонунга кўра, Ўзбекистон ҳудудида қимор ўйинлари ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни реклама қилиш қатъиян тақиқланган. Бундай фаолият маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.

Айни пайтда, ушбу блогерлар белгиланган тартибда жавобгарликка тортилиб, ишлари суд муҳокамасига оширилган.