Дамашқда черковда портлаш: 20 киши ҳалок бўлди

23.06.2025 13:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Сурия пойтахти Дамашқдаги православ черковида 22 июн куни юз берган хунрез теракт оқибатида камида 20 киши ҳалок бўлди, 50 дан ортиқ одам тан жароҳати олди.

Cherkov

“Sky News Arabia” ҳамда “Reuters” агентликларининг хабар беришича, ҳужум Суриянинг Дувайла туманидаги черковда содир бўлган. Гувоҳлар сўзларига кўра, жангариликка мойил шахс ибодатхона ичида ўзини портлатган.

Суриянинг “Syria TV” телеканали ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, ҳалокатга учраганлар сони 20 нафарга етган. Яна 52 киши турли даражада тан жароҳатлари олган. Қутқарув хизматлари жабрланувчиларни шифохонага етказишда давом этмоқда.

Сурия Ички ишлар вазирлиги бу шахс аввал ибодатхонада ўт очгани, кейин эса портловчи модда жойлаштирилган камар орқали ўзини портлатганини маълум қилди. Расмий манбаларга кўра, у ИШИД террорчилик ташкилоти билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Сўнгги ҳафталарда халқаро терроризм билан боғлиқ ҳодисалар сони кўпаймоқда. Хусусан, яқинда Ҳиндистондаги Кашмир минтақасида ҳам туристларга қарши ҳужум бўлиб, ўнлаб одам ҳалок бўлганди. Бу воқеа Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги муносабатларни янада мураккаблаштирган.