Даромади расман кўрсатилмаган қарз олувчилар учун янги кредит баҳоси жорий қилинди

23.06.2025 19:30 | 3 дақиқада ўқилади.

2025 йил 23 июндан эътиборан «Кредит-ахборот таҳлилий маркази» (КАТМ) банклар ва молиявий ташкилотларга қарз олувчилар тўлов қобилиятини аниқлаш учун «Алтернатив скоринг» кредит ҳисоботини таклиф этмоқда.

Katm

Ўзбекистонда расмий даромади бўлмаган, аммо тўлов қобилиятига эга фуқароларни баҳолаш учун янги кредит ҳисоботи ишга туширилди. «Кредит-ахборот таҳлилий маркази» томонидан тақдим этилаётган «Алтернатив скоринг» (муқобил скоринг) ҳисоботи орқали банк ва нобанк ташкилотлар мижознинг турли тўловлари ва харажатлари асосида унинг молиявий барқарорлигини баҳолай олади.

Янги механизм қарз олувчининг охирги 12 ойдаги банк картаси орқали амалга оширган операциялари, коммунал тўловлари, алимент тўловлари ва Мажбурий ижро бюроси маълумотларини ўзида мужассам этади.

Бу ҳисобот орқали ташкилотлар нафақат ушбу маълумотларга эга бўлади, балки улар асосида шаклланган скоринг балини ҳам кўра олади. Ушбу балл қарз олувчининг тўловга лаёқатини баҳолашда қўшимча мезон сифатида хизмат қилади.

«Алтернатив скоринг» кредит ҳисоботининг бир нусхаси учун Базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,05 баробари (ҚҚСсиз) миқдорида тўлов белгиланган. Бу восита, айниқса, даромади расман қайд этилмаган, бироқ мунтазам тўлов қилувчи мижозлар учун катта имконият яратади.

Бу янгилик банк ва молиявий муассасаларга мижозлар ҳақида кенгроқ тасаввур ҳосил қилиш, кредит таваккалчиликларини пасайтириш ва маблағларни самарали тақсимлашда қўл келади.