Форс кўрфази фалаж бўлди

23.06.2025 22:35 | 2 дақиқада ўқилади.

Эроннинг Ҳўрмуз бўғозини ёпиш таҳдидидан сўнг Форс кўрфазидаги вазият ёмонлашди: мингга яқин кема билан тирбандлик юзага келди, шунингдек, GPS тизимидаги узилишлар кучайиб, тўқнашувлар хавфи ошди.

Ships

S&P Global маълумотларига кўра, кема ташиш компаниялари бўғоз орқали транзитни фақат кундузги соатлар билан чеклаган — эндиликда кемалар одатдаги 24 соатлик ҳаракат ўрнига фақат 16–18 соат оралиғида сузиб ўтиши мумкин.

Танкер компанияларидан бирининг вакили муаммолар фақатгина ҳужум таҳдидлари билан чекланиб қолмаётганини таъкидлаган. Минтақадан юкларни олиб чиқиш логистикасининг ўзи улкан муаммога айланган.

Бундан ташқари, GPS сигналларига тўсқинлик сабаб кемалар билан алоқа тобора йўқолиб бораётганини хабар қилинмоқда. Кемачилик компанияси директорларидан бири ҳатто кемаларга ҳужумлар бўлмаган тақдирда ҳам тўқнашувлар эҳтимоли жуда юқори эканлигини таъкидлаган, чунки бундай шароитда бошқа кемаларнинг аниқ жойлашувини аниқлаш имконсиз.