Кўриш қобилиятини тиклашда янги усул самара бермоқда

23.06.2025 20:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Корея илм-фан ва технология институти олимлари пигментли ретинит каби кўришнинг ирсий йўқолишига қарши самарали усул ишлаб чиқишди. Улар сичқонларда олиб борилган тажрибаларда шикастланган тўр парда ҳужайраларини тиклашга эришди.

Korea eye

Пигментли ретинит нурга сезгир ҳужайраларнинг аста-секин йўқолиши билан кечади ва охир-оқибат тўлиқ кўрликка олиб келиши мумкин. Бугунги кунда ушбу касалликни тўлиқ даволовчи дори воситалари мавжуд эмас. Аммо олимлар қайд этишича, табиатдаги баъзи жонзотлар, хусусан, балиқлар, тўр пардасини тиклай олади, одамлар ва сутэмизувчиларда эса бу имконият чекланган.

Олимлар PROX1 номли оқсилнинг нейрон тикланишига тўсқинлик қилаётганини аниқлашди. Шу мақсадда PROX1’ни блоклайдиган антитанача яратилди. Уни сичқонларга юбориш орқали Мюллер ҳужайралари қайта фаоллашди ва янги нейронларга айлана бошлади. Натижада сичқонларда кўриш қобилияти қисман тиклангани кузатилди.

Тадқиқот муаллифлари бу усул инсонларда ҳам иш бериши мумкинлигини таъкидлашмоқда. Улар 2028 йилда клиник синовларни бошлашни режалаштирмоқда. Агар бу муваффақиятли кечса, минглаб беморлар учун кўришни тиклаш умиди пайдо бўлади.