23 июн куни Кремлда Владимир Путин Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчий билан учрашув ўтказди. Россия президенти Путин учрашув аввалида Исроил ва АҚШнинг Эронга қарши амалга оширган ҳаво ҳужумларини асоссиз тажовуз, деб баҳолади. Унинг сўзларига кўра, Россия бу ҳолатда Эрон халқини ёлғиз қолдирмаслик учун зарур чораларни кўрмоқда.
Путин, шунингдек, вазиятни енгиллаштириш мақсадида АҚШ президенти Доналд Трамп, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу, БАА ва Эрон президентлари билан ҳам алоқада бўлганини маълум қилди. «Биз бугунги мураккаб вазиятдан қандай чиқиш мумкинлиги ҳақида биргаликда ўйлаймиз», — деди у.
Ўз навбатида, Аббос Ароқчий АҚШ ва Исроил томонидан амалга оширилган ҳарбий зарбаларни «нолегитим ва ноқонуний ҳаракатлар» сифатида баҳолади. У Теҳроннинг ўзини ҳимоя қилишга тўлиқ ҳаққи борлигини қайд этди ва Россиянинг ёрдамини юксак баҳолади.
Ароқчийнинг таъкидлашича, Россия Исроил-Эрон можароси масаласида «тарихнинг тўғри томонида» турибди ва икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик стратегик аҳамият касб этади.