Ўзгидромет маълумотига кўра, ҳафтанинг биринчи ярмида Ўзбекистон ҳудудига жанубдан иссиқ ва қуруқ ҳаво оқими кириб келиши кутилмоқда. Бу даврда об-ҳаво асосан кам булутли ва ёмғирсиз бўлади. Кундузги ҳарорат +38…+41 даражани, чўл ва жанубий ҳудудларда айрим жойларда +42…+44 даражани ташкил этади.
Қорақалпоғистон ва Навоий вилоятининг шимолий қисмларида 24–25 июн кунлари қисқа муддатли ёмғир ва момақалдироқ кузатилиши мумкин. Бу ерларда 25 июн куни ҳарорат +26…+31 даражагача пасайиши кутилмоқда.
Пайшанба кунидан бошлаб бутун республика бўйлаб ҳаво ҳарорати пасайиб, +30…+35 даража атрофида бўлади. Жума куни ҳарорат бироз кўтарилиб, айрим ҳудудларда +38 даражагача етиши мумкин.
Шу билан бирга, 25–26 июн кунлари айрим жойларда шамол тезлиги 20–22 м/с гача кучайиб, чанг-тўзонлар кузатилиши эҳтимоли бор. Фарғона вилоятининг тоғли ҳудудларида 23 июн, бошқа тоғли ҳудудларда эса 26 июн куни ёмғир ва момақалдироқ бўлиши мумкин.
Тошкент шаҳрида 23–25 июн кунлари ҳаво ҳарорати +38…+41 даража, 26 июн куни +31…+33 даража, 27 июнда эса +34…+36 даража атрофида бўлади. Пойтахтда ёғингарчилик кутилмайди.