Вазирлар Маҳкамасининг 369-сонли қарори билан Ўзбекистонда миллий малакалар тизимини тартибга солувчи янги меъёрий ҳужжатлар тасдиқланди. Қарор 2025 йил 18 июндан амал қилишни бошлади ва у Миллий қонунчилик базасида эълон қилинди.
Ушбу ҳужжатга мувофиқ, малакани баҳолаш марказлари тўғрисида намунавий низом тасдиқланди. Янги марказлар фуқароларнинг билим ва кўникмаларини белгиланган касб стандартларига мувофиқ баҳолаш, имтиҳонларни ташкил этиш ҳамда баҳолаш воситаларини ишлаб чиқиш билан шуғулланади.
Марказлар, шунингдек, баҳолаш жараёнининг шаффоф ва холис бўлишини таъминлаш, тегишли қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш вазифасини ҳам бажаради. Ҳар бир касб учун ишлаб чиқиладиган баҳолаш воситалари очиқ манбаларда эълон қилинади ва уларнинг амал қилиш муддати беш йил этиб белгиланган.
Баҳолаш воситаларига тестлар ва амалий топшириқлар шаклидаги имтиҳонлар, баҳолаш мезонлари, меhnат функциялари рўйхати, хавфсизлик ва санитария талаблари ҳамда фойдаланилган манбалар тўғрисида маълумотлар киритилади.
Бундан ташқари, Республика касбий малакалар кенгаши, тармоқ кенгашлари ва баҳолаш марказларини аккредитация қилиш тартибини белгилайдиган маъмурий низомлар ҳам тасдиқланди.