Ўзбекистонда Россия билан ҳамкорликда Ядро тиббиёти маркази очилади

23.06.2025 14:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми доирасида «Ўзатом» агентлиги ва Россиянинг С. Березин номидаги тиббиёт институти ўртасида Ўзбекистонда Ядро тиббиёти марказини ташкил этиш бўйича келишув имзоланди.

Yadro tibbiyot markazi

Ўзбекистонда Ядро тиббиёти марказини ташкил этиш лойиҳасига старт берилди. Бу борадаги келишув Санкт-Петербургдаги халқаро иқтисодий форум доирасида «Ўзатом» агентлиги ва Россиянинг С. Березин номидаги тиббиёт институти ўртасида имзоланди.

Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамкорлигида амалга оширилади. У онкологик ёрдамни такомиллаштириш ва юқори технологияли тиббиёт, жумладан, ядровий тиббиёт соҳасида ҳамкорликни кучайтиришни мақсад қилади.

Келишувга кўра, марказ PET/KT, МРТ, КТ, циклотрон, гамма-пичоқ, кибер-пичоқ ҳамда юқори аниқликдаги чизиқли тезлаткичлар билан жиҳозланади. Шунингдек, радиофармпрепаратлар лабораторияси ҳам ташкил этилади.

Лойиҳа доирасида радионуклид терапияси ва изотоп тадқиқотлари қамровини кенгайтириш режалаштирилмоқда. Бу орқали хавфли касалликларни эрта аниқлаш ва самарали даволаш имкониятлари ошиши кутилмоқда.

С. Березин институти 2003 йилда ташкил этилган бўлиб, у Россия ва МДҲнинг 60 дан ортиқ шаҳрида 80 га яқин МРТ ва КТ марказларини бошқармоқда. Институт йилига 1,5 миллиондан зиёд текширувлар ўтказади.

Келишувдан олдин «Ўзатом» вакиллари замонавий онкология клиникаси ва Протон терапия марказида бўлиб, Россия муассасалари инфратузилмаси ва технологиялари билан танишдилар.