Россия президенти Владимир Путин Sky News Arabia телеканалига берган интервюсида Украина билан боғлиқ ҳолатга изоҳ берди. Унинг таъкидлашича, Украина «яхшироқ тақдирга лойиқ», бироқ у ҳозирда Россияга қарши ҳаракат қилаётган ташқи кучлар қўлида «восита»га айланган.
Путиннинг фикрича, Ғарб мамлакатлари Украинадаги низони тўхтатишга эмас, балки уни Россияга босим ўтказиш воситаси сифатида сақлашга қизиқмоқда. Шу муносабат билан у Украина раҳбарларини миллий манфаатларни устувор қўйишга чақирди.
Россия етакчиси интервю давомида 2022 йилда Истанбулдаги музокараларда тинчликка эришиш имконияти бўлганини, лекин бу имконият Ғарбнинг аралашуви билан йўққа чиққанини эслатди. Шу билан бирга, Путин Украина нейтрал мақомга эга бўлиши ва ҳарбий иттифоқларга қўшилмаслиги кераклигини яна бир бор қайд этди.
Энг муҳими, Путин 2022 йилда Россия аннексия қилган ДХР, ЛНР, Запорижжя ва Херсон областларида ўтказилган референдум натижаларини халқаро даражада тан олишни талаб қилди. Унинг таъкидлашича, бу натижаларни инкор этиш янги қуролли тўқнашувлар хавфини келтириб чиқаради.
Эслатиб ўтамиз, бир кун аввал Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида Путин Россия ва Украина халқини «бир миллат» деб атаган ва «Бутун Украина — бизнинг еримиз», деган баёнот билан чиқиш қилган эди. У бу фикрни «рус аскарининг қадами етган жой — Россияники» деган сўзлар билан мустаҳкамлади.