Саида Мирзиёева БМТ Давлат хизмати форумида глобал ислоҳотлар ҳақида сўз юритди

23.06.2025 19:15 | 4 дақиқада ўқилади.

Самарқандда бўлиб ўтган БМТ Давлат хизмати форумида Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева иштирок этиб, Ўзбекистондаги рақамлаштириш, ёшлар ва аёллар учун имкониятлар ҳамда халқаро ҳамкорлик истиқболлари ҳақида маъруза қилди.

Saida mirziyoyeva

Жорий йилнинг 22 июн куни Самарқанд шаҳрида БМТ Давлат хизмати форуми иш бошлади. Унда Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева иштирок этиб, Ўзбекистон номидан халқаро иштирокчиларга Президент Шавкат Мирзиёевнинг самимий табрикларини етказди.

Мирзиёеванинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда давлат хизмати тизими жадал ислоҳ этилмоқда: рақамли давлат асослари яратилаётгани, истеъдодларга сармоя йўналтирилаётгани, айниқса, аёллар ва ёшлар учун кенг имкониятлар яратилаётгани таъкидланди. У халқаро ҳамкорларга — Global Knowledge Hub каби ташаббусларга ишонч билдирганлари учун миннатдорлик билдирди.

Шунингдек, Самарқандда Халқаро иқлим академиясини ташкил этиш ва Орол денгизи атрофини тиклаш борасида фикр алмашилди. Саида Мирзиёева жаҳондаги беқарор вазиятда мулоқот маданияти ва ҳамжиҳатликни кучайтириш долзарб аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Унинг таъкидлашича, БМТ каби майдонлар глобал муаммоларга ечим топиш учун муҳим платформа ҳисобланади ва Ўзбекистон халқаро ташаббусларни амалга оширишга тайёр эканини билдирди.

Форум доирасида Саида Мирзиёева БМТ Бош котибининг иқтисодий ривожланиш бўйича ёрдамчиси Навид Ҳаниф билан учрашди.

Суҳбат давомида «Ўзбекистон–2030» стратегиясида кўзда тутилган давлат бошқаруви, рақамлаштириш ва экологик барқарорликка оид масалалар муҳокама қилинди. Томонлар ёшлар ва аёллар имкониятларини кенгайтириш, рақамли кўникмаларни ривожлантириш ва мутахассисларни БМТ лойиҳаларига жалб қилиш борасида ҳамкорлик қилишга келишиб олди.

Саида Мирзиёева БМТнинг Давлат хизмати бўйича халқаро комиссияси раҳбари Ларби Жакта билан ҳам учрашди.

«Биз давлат хизматчиларининг ишини қандай қилиб самаралироқ ва замонавийроқ қилиш мумкинлиги, қайси халқаро стандартларни жорий этиш ва ходимларни қандай қўллаб-қувватлаш кераклиги ҳақида суҳбатлашдик», дейилади хабарда.

Ўзбекистон билан БМТ ўртасидаги ҳамкорлик мисли кўрилмаган юксак даражада. Ларби Жакта билан учрашув ана шу муносабатларни қўллаб-қувватлаш ва биргаликдаги фаолият учун янги истиқболларни белгилаш учун ажойиб имконият бўлди.