Саида Мирзиёева Президент Администрациясидаги энг юқори лавозимни эгаллади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан Президент Администрацияси тузилмасига ўзгартиришлар киритилди. Президент Администрацияси раҳбари лавозими ташкил қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан Саида Шавкатовна Мирзиёева Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари лавозимига тайинланди.
2026 йилдан давлат хизматчиларининг ойлиги бир хиллаштирилади
Келаси йилдан бошлаб Ўзбекистонда барча давлат органларида ишловчи хизматчилар учун иш ҳақи тенглаштирилади. Янги тартиб бир хил малака ва вазифадаги ходимларга бир хил маош тўланишини назарда тутади.
Масалан, икки хил вазирликда ишлаётган, тажрибаси ва вазифаси тенг бўлган етакчи мутахассислар учун иш ҳақи фарқ қилмайди. Бу тизим давлат хизматчиларининг ойликларидаги номутаносибликни бартараф этиш, ташкилотлар ўртасида кадрлар оқимини камайтириш ва соҳага барқарорлик олиб киришни мақсад қилган.
Сўм мустаҳкамланаётгани йўқ, долларнинг қурби пасаймоқда
Ўзбекистонлик иқтисодчи Юлий Юсупов сўм курсидаги сўнгги ўзгаришлар юзасидан фикр билдириб, «ҳеч қандай мустаҳкамланиш йўқ»лигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, сўм долларга нисбатан фақат 3,3 фоизга ошиб, евро, рубл, фунт ва йенага нисбатан эса тушиб бормоқда.
Унга кўра, Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари — АҚШ эмас, балки Хитой, Россия ва Европа бўлгани учун сўмнинг долларга нисбатан бироз ошиб бориши амалда унинг умумий қийматини кўтармаган. Долларнинг тушишига эса Доналд Трампнинг сиёсий баёнотлари, тариф сиёсати ва Федерал захира тизими раҳбариятини оммавий танқид қилиши сабаб бўлмоқда. АҚШ иқтисодиётига ва долларга бўлган ишонч пасайган, инвесторлар эса ҳозирги ҳукуматга ишончсизлик билан қарай бошлаган.
Қиморни тарғиб қилган блогерлар иши судга оширилди
Ўзбекистонда 4 нафар таниқли вайнер қимор ўйинлари ва букмекерлик хизматларини реклама қилгани учун судга берилди. Рақобат қўмитаси томонидан уларга нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари кўрилган ва тегишли ҳужжатлар судга топширилган.
Жасурбек Шодиев, Дадабек Нормаматов, Шерхон Раҳматов ва Ҳожиакбар Ҳасанбоев тотализатор брендларидан бирини ва қимор ўйинларини очиқ тарғиб қилувчи видеоларни ўз саҳифаларида жойлаштирган. «Реклама тўғрисида»ги қонунга кўра, бу каби фаолият маъмурий жазога сабаб бўлади.
Рақобат қўмитаси сохта чегирмаларни тақиқламоқчи
Ўзбекистонда сохта арзонлаштиришларни чеклашга қаратилган янги регламент муҳокамага қўйилди. Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган ҳужжат лойиҳасига кўра арзонлаштирилган нарх фақат сўнгги 30 кундаги энг паст нархга нисбатан ҳисобланиши керак бўлади.
Сотувчи аввалги нархни кўрсатмаса, чегирма деб эълон қилиши мумкин эмас. Сунъий равишда аввал нархни ошириб, кейин арзонлаштирилгандек кўрсатиш қатъиян тақиқланади. Янги тартиб электрон савдо майдонлари ва маркетинг компаниялари фаолиятига ҳам таъсир кўрсатиши кутилмоқда.