Саноат чиқиндиларидан ёқилғи олиш бўйича 78 млн долларлик янги лойиҳа бошланмоқда

23.06.2025 11:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда хавфли саноат чиқиндиларини бошқариш ва улардан ёқилғи ишлаб чиқариш бўйича халқаро ҳамкорликда йирик лойиҳа амалга оширилади. Лойиҳа доирасида Саудия Арабистони ва Франция компаниялари иштирок этади.

Ekologiya energetika

Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги маълумот беришича, Saudiya Arabistonining Vision International Investment (VIIC) ва Fransiyaning Suez International компаниялари билан ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Унга кўра, 78 млн долларлик лойиҳа уч босқичда амалга оширилади.

Биринчиси — чиқиндиларни барқарорлаштириш ва полигонларга жойлаштириш мажмуалари ҳамда минтақавий узатиш станцияларини яратиш. Иккинчиси — чиқиндидан ёқилғи (RDF) олиш ускуналари ва ёқиш инфратузилмасини синовдан ўтказиш. Учинчиси — тўлиқ ишлаб чиқариш қувватидаги заводни барпо этиш ва ишга тушириш.

Франциянинг Suez International компанияси бутун дунё бўйлаб сув таъминоти, чиқиндиларни қайта ишлаш ва хавфли чиқиндиларни бошқариш соҳасида фаолият юритади. Saudiya Arabistonининг VIIC компанияси эса энергетика, инфратузилма ва давлат-хусусий шериклик лойиҳаларига ихтисослашган.

Таъкидланишича, лойиҳа орқали чиқиндилардан фойда олиш билан бирга, атроф-муҳитга зарарли таъсирни камайтириш мақсад қилинган. Ўзбекистонда йилига 14 млн тонна чиқинди ҳосил бўлади, шундан фақат 4-5 фоизи қайта ишланади. Бу эса ҳар йили 7 млн тонна иссиқхона газлари атмосферага чиқиши ва 43 минг тонна заҳарли моддалар ер остига сингишига сабаб бўлмоқда.

2026 йилдан бошлаб чиқинди полигонлари Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида ташкил этилади. Мавжуд полигонларни 2030 йилгача 50 фоизга қисқартириш режалаштирилган.